Мактабларда Хон академияси платформасидан кенг фойдаланилади. Халқ таълими вазирлиги Хон академияси электрон платформасини ўзбек тилига мослаштириш ва келгусида уни янада оммалаштиришни режалаштираяпти. Вазирлик бу ҳақдаги келишувни Хон академиясининг Ўзбекистондаги оператори “Билим онлайн” нодавлат нотижорат ташкилоти билан 21 майда имзолаган.

Хон академиясидан ўзбек таълим тизимида фойдаланиш нима учун муҳим: Ўзбекистонда халқ таълимининг сифати паст, дарсликлар маънан эскирган. Халқ таълими вазирлиги томонидан бу борада муайян ишлар қилинаётган бўлса ҳам муаммоларни ҳал қилиш ҳали анча вақтни олади. Хон академиясининг 30 дан ортиқ фан бўйича тайёрланадиган ўзбекча дарслари бу камчиликларни қисман ўнглашга ёрдам беради. Шунингдек,

  • масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил қўшимча таълим олиш имконини беради.
  • Бу таржималар ўзбек тилини янада бойитади. Таълим, илм-фан оламидаги охирги янгиликлар ўзбек тилида етказиб берилади.
  • Хон академиясининг Ўзбекистонда оммалаштирилиши нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларни ҳам онлайн дарсликлар, ўқув ва услубий қўлланмалар, дунёнинг янги педагогик технологиялари билан кенг таништириш, замонавий таълим ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда интернет орқали тарқатиш имконини беради.
  • Бу ўқитувчиларга янги методикаларни қўллашни ўргатишга ва умумий ўрта таълим муассасаларида билим бериш жараёнини кучайтиришга хизмат қилади.
  • Бепул ва сифатли онлайн билим олиш имкониятининг яратилиши эса таълим сифатини оширади.
  • Ҳар қандай ўқувчи мактаб дарсликларидаги билимини платформадаги “текин репетитор” – видеодарслар кўмагида мустаҳкамлаб бориши мумкин.

Хон академияси электрон платформасининг ўзига хослиги

  • Платформа орқали олинадиган масофавий таълим мутлақо бепул бўлиб, ҳар бир ўқувчига ўзи хоҳлаган вақтда, шароитидан келиб чиқиб, мустақил таълим олиш имкони яратилади.
  • Платформанинг Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ўзбек тилига мослаштирилиши ва унинг мукаммал таржимаси ўзбек тилини янада бойитади.
  • Хон академияси платформасида математика, ахборот технологиялари, физика, кимё, биология, астрономия, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, молия, иқтисодиёт ҳамда бошқа фанлар бўйича 10 мингдан ортиқ бепул маърузалар коллекцияси тўпланган.
  • Айни пайтда жаҳоннинг 190 мамлакатида унинг 36 тилдаги видеодарслари ва электрон таълим ресурсларидан кенг фойдаланилади.

Масала тарихи: Марказий Осиёда биринчи йирик нодавлат таълим технологиялари лойиҳаси бўлган «Khan Academy Oʻzbek» ўзбек тилида ҳам бўлиши учун хайрия акциясида 720 киши 50 000 евро йиғиб берганди. Акция Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан грант олиш учун амалга оширилган эди. Банк грантни "matching funds" шарти билан таклиф қилган, яъни ўзбек жамияти 50 минг евро йиғса, шунга тенг маблағ EТТБ томонидан берилади. Демак, жами 100 минг евро йиғилди.

Бу лойиҳани Ўзбекистон ҳукумати, хусусан Халқ таълими вазирлиги ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳукумат истисно тариқасида www.khanacademy.org платформасига барча интернет провайдерлари ва мобил операторлари орқали бепул кириш имкониятини таъминлади.

Хон академияси нима ўзи: 2006 йили MIT битирувчиси Салмон Хон беморлиги учун мактабга боролмай қолган жиянига видеодарслар орқали математикани ўргатмоқчи бўлган. Унинг бу дарслари оммалашиб кетгач, у "Khan Academy"га асос солади.

  • Академия хайрия маблағлари ҳисобига молияланади. Ҳозир “Google”, “Bill & Melinda Gates” фонди томонидан молиявий қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
  • Академиянинг онлайн таълим платформасида 10 мингдан ортиқ маъруза, 100 мингдан ортиқ интерактив машқ жамланган. Улар 30 дан ортиқ тилга таржима қилинган.
  • Дунё бўйлаб ҳар ойда 40 миллионга яқин ўқувчи, 2 миллионга яқин ўқитувчи Хон академияси материалларидан фойдаланади.