Сентябрдан бошлаб мактабларда маънавият соатлари доирасида ўқувчиларга ижобий психология ва стресс бошқаруви кўникмалари психологик машғулотлар асосида ўргатилади.

Бу нега муҳим: Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчилари орасида зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳани ишга туширганди. Minbar бу муаммо ўқувчилар ўртасида кенг ёйилаётганини ҳисобга олиб, шу ҳодиса ва унинг хавфи ҳақида профессор Лори Вулф билан суҳбат қилганди.

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон мактабларида ижобий психология ва стресс бошқарувини ўқитиш методикасини жорий этиш мақсадида халқаро Фулбрайт таълим дастури доирасида АҚШлик эксперт-психолог, профессор Лори Вулф хонимни чақиртирган эди.

  • Ҳозиргача лойиҳа доирасида мактабларда ўқувчилар ҳамда педагоглар учун стресс ва агрессия, улардан сақланиш ва оқибатини бартараф этишга йўналтирилган ўқув дастури ишлаб чиқилган.
  • Дастур вазирлик мутахассислари, психолог олимлар ва тажрибали психологлардан иборат эксперт гуруҳи томонидан маданий муҳитга мослаштирилиб, такомиллаштирилган.
  • Методик материаллар Тошкент шаҳридаги 4 та мактабда синовдан муваффақиятли ўтказилган.
  • Ижобий психология ва стресс бошқарувини ўқитиш методикаси бўйича 14 та ҳудудда ТОТ (тренерлар учун тренинг) ўтказилиб, 700 дан зиёд тренерлар жамоаси шакллантирилган.

Эндиликда ҳар бир туман (шаҳар) миқёсида каскад усулидаги тренинглар ташкил этилади ва барча мактаб психологлари, улар орқали эса педагоглар ижобий психология ва стресс бошқарувига халқаро тажриба асосида ўқитилади.

Мазкур лойиҳа орқали ўқувчилар орасида содир бўлаётган ўзига ва ўзгаларга зарар етказувчи хулқ-атвор профилактикаси ва коррекцияси амалга оширилади.