Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Minbar бу 30 саҳифали ҳужжатни ўқиб, кейинги 11 йил ичида халқ таълими тизимини кутаётган энг муҳим ўзгаришларни алоҳида тақдим этмоқда.

Концепция доирасида белгиланган вазифалар бажарилса, ўзбек халқ таълими тизимини 2030 йилгача қуйидаги ўзгаришлар кутмоқда:

  • энг асосий ўзгариш: ҳозир сақланиб келаётган индустриал 20-аср таълим тизимидан информацион 21-аср таълим тизимига ўтиш кўзланган;
  • ёдлаш ва кўрсатмаларга кўр-кўрона эргашиш ўрнига SТЕАМ (аниқ фанлар, технология, инжиниринг, дизайн ва математика) фанлари ва танқидий фикрлаш, ахборотни мустақил излаш ва таҳлил қилишга алоҳида урғу берилиб, замонавий инновацион иқтисодиёт талабларига жавоб берадиган умумтаълим дастурлари ва янги давлат таълим стандартлари жорий этилади;
  • Ўзбекистонни 2030 йилга келиб РISA халқаро миқёсда ўқувчиларни баҳолаш дастури рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киритиш мақсад қилиб қўйилган. Таълим дастурлари ва муассасаларини аккредитация қилиш учун Ўзбекистоннинг етакчи халқаро бирлашмаларга кириши таъминланади;
  • хорижий тиллар, математика, физика, кимё ва биология каби муҳим фанларга эътибор кучайтирилади. Шу фанларни чуқур ўрганишга мўлжалланган дидактик материаллар ва мультимедиа маҳсулотларининг янги авлодлари тайёрланади, ихтисослашган мактаблар сони кўпайтирилади. Маънавият, миллий ғоя каби предметлар эмас, мамлакатнинг иқтисодий ва илмий технологик тараққиётига хизмат қиладиган соҳаларга диққат қаратилади;
  • муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мактаблар негизида тармоқ мактаблари яратилади ва ушбу тармоққа ўқувчиларни қамраб олиш коэффициенти паст бўлган бошқа мактаблар ҳам киритилади;
  • 2021 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан президент мактаби ташкил этилади;
  • 4860 та умумтаълим муассасаси тасдиқланган баҳолаш мезонларига мувофиқ “Замонавий мактаб”га айлантирилади;
  • ўқувчиларнинг камида 50 фоизи тўгаракларга қамраб олинади;
  • олий таълим муассасаларида “Халқ таълими соҳасида бошқарув” йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
  • умумтаълим фанлари бўйича 3 мингга яқин педагог ихтисослиги бўлмаган кадрлар педагогик ва касбий қайта тайёрлаш курсларида ўқитилади;
  • барча мактаблар узлуксиз электр энергияси, табиий газ, кўмир, ичимлик суви ва бошқа коммунал хизматлар билан таъминланади;
  • барча мактаблар интернет тармоғига тўлиқ уланади;
  • барча мактабларда ўзлаштириш журналлари ва кундалик ёзувларнинг электрон шаклларидан фойдаланиш, давоматни масофадан мониторинг қилиш, ўқувчиларнинг келиш ва кетиш вақти назорати билан боғлиқ бўлган ўқув жараёнини автоматлаштириш тизими жорий этилади;
  • мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш ва бошқа мактабларга ўтказиш давлат хизматларини кўрсатиш агентлиги орқали бўлади;
  • мактабларда ўқувчининг идентификация карталари (ID-карта, NFC белгиси ва бошқалар) жорий этилади.

Энг муҳими – ўқитувчиларнинг ўртача ойлиги республикадаги ўртача ойликка нисбатан 1,5 баробар кўп бўлади.