23 мартдан мактаб фан олимпиадаларининг III (вилоят) босқичи бошланди. Олимпиаданинг бу босқичи 27 мартгача давом этади.

11 йиллик таълимга ўтилиши муносабати билан бу йил илк бор 11-синф ўқувчилари фан олимпиадаларида қатнашмоқда.

Жорий йилги фан олимпиадаларининг вилоят босқичида жами 20298 нафар ўқувчи (шундан 7491 нафари 9-синф, 6683 нафари 10-синф, 6124 нафари 11-синф ўқувчиси) иштирок этмоқда.

Олимпиадани шаффоф ўтказиш мақсадида вилоят марказларидаги олимпиада ўтказиладиган ҳар бир ўқув хонасида видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Ота-оналар жараёнларни тўғридан-тўғри (онлайн) кузатишлари мумкин.

Шаффофлик қандай таъминланади?

  • Фан олимпиадаларининг топшириқлари (ёзма иш ва тест) малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрланди.
  • Олимпиада топшириқлари махфийлиги таъминланиб, масъуллар орқали электрон вариантда ҳимояланган (махсус код) ҳолда олимпиада бошланишидан бир соат аввал жойларга етказилади.
  • Олимпиада топшириқлари эса жойларда ҳакамлар ҳайъати томонидан экспертизадан ўтказилади.
  • Ҳудудларда фан олимпиадасини мувофиқлаштириш учун штаб ташкил этилган.