Вазирлар Маҳкамаси мактаб ва лицей битирувчилари учун олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби ҳақидаги низомни тасдиқлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирилги ахборот хизмати хабар берди.

Олтин ва кумуш медаллар умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларига берилади.

Олтин медаль кимларга берилади?

- мактабларнинг аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган;

- 10- ва 11-синфларда барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чорак ва йиллик баҳолари аъло бўлган;

- академик лицейларнинг барча курсларида ҳамма фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган;

- намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Кумуш медаль кимларга берилади?

- мактабларнинг аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган;

- 10- ва 11-синфларда ёки академик лицейларнинг барча курсларида ҳамма фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган;

- намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Яхши хулқли ва жамоат ишларида фаол ўқувчилар қандай аниқланади?

Намунали хулқ-атворга эга ҳамда жамоат ишларида фаол битирувчилар рўйхати таълим муассасаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва амалиётчи психологи томонидан тегишли ўқув йилининг якунида таълим муассасасининг педагогик кенгашига киритилади.

Битирувчиларнинг намунали хулқ-атвори уларнинг мактаб ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига доим риоя этиши, мактаб формасига риоя этиши, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиши билан асосланади.

Битирувчиларнинг жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши уларнинг таълим муассасаси манфаати, унинг шаъни ва нуфузи тўғрисида қайғургани, таълим муассасаси ривожи учун жонкуярлик қилгани, турли йўналишдаги тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиши билан асосланади.

Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар йили 10 июнга қадар:

- битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганади;

- олтин ва кумуш медаль билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантиради;

- олтин ва кумуш медаль билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини таълим муассасасининг педагогик кенгашига тақдим этади.

Педагогик кенгаш ҳар йили 14 июнга қадар битирувчиларни олтин ёки кумуш медаль билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар ҳокимият ва маҳалла вакиллари, ота-оналар ва бошқалар иштирокида таълим муассасаси директори томонидан ҳар йили 15 июнга қадар тантанали равишда топширилади.

2018 йил 14 август куни президент “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам медалларни бериш тартибини белгилаб берганди.