Давлат хизматчилари дам олиш куни деб эълон қилинган расмий байрам ва якшанба кунлари белгиланган кундалик иш меъёридан ортиқ ишлаши (ишлатилиши) ҳамон кузатилмоқда. Профессионал давлат хизматининг мавжуд эмаслиги, давлатнинг иқтисодиётдаги ўта катта иштироки ва "бошлиққа ҳурматга" асосланган идора маданияти бунинг асосий сабабларидир. Бу тез ўзгарадиган воқелик бўлмагани учун Ўзбекистонда яқин орада минглаб мулозим дам олишсиз ишлашда давом этишини тахмин қилиш мумкин.

Меҳнат қонунчилиги бу борада нима дейди: Ўзбекистон Меҳнат кодексида ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш тақиқланади.

Бироқ айнан шу кодексда ишлатиш тақиқланиши ёзилган модданинг давомида иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина йўл қўйилиши ёзилган. Меҳнат кодексида ушбу алоҳида ҳоллар нималардан иборат эканлиги, раҳбарларнинг йиғилишлар ўтказиши бундай истисноларга кириши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Иш вақтидан ташқари ишлатишга ходимларнинг розилиги билан йўл қўйилади, бунинг учун уларга компенсация тўлаш керак бўлади.

Ўзбекистонда ходимларни дам олиш кунлари ишлатиш ва бунинг эвазига ортиқча ҳақ бермаслик кенг ёйилгани айтилади.

Ҳукумат нима дейди: президент Шавкат Мирзиёев ҳам, бош вазир Абдулла Арипов ҳам 2018 йил август ойида саҳарда ёки ярим тунда мажлислар ўтказишни тўхтатиш ва йиғилишга алоқадор бўлмаганларни чақирмаслик ҳақида топшириқ берганди.

  • Ўшанда давлат органлари ва идоралар раҳбарларига, жумладан, маҳаллий ҳокимиятларга аниқ иш регламентини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилган.
  • Шунингдек, йиғилишларни кескин камайтириш ва график-режа асосида ҳафтасига 2-3 тадан кўп ўтказилишига йўл қўймаслик талаб қилинган.
  • Мажлислар вақти ҳам белгилаб қўйилганди. Йиғилишлар республика даражасида 2 соатдан, вилоят, шаҳар ва туманлар даражасида 1-1,5 соатдан оширилмаслиги айтилганди.
  • Яна муҳим жиҳати, куннинг ноқулай пайтларида, яъни тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказиш қатъиян чекланганди.
  • Йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорларни умуман таклиф этмаслик кўрсатилган эди.
  • Бош вазир қоғозбозликка барҳам бериш мақсадида маҳаллий ҳокимликлардан ҳеч кимга кераги бўлмаган маълумотлар ва ҳисоботларни талаб қилиш амалиётига қатъиян барҳам беришни топширган.

Қўбизим нима дейди: Наврўз байрамида ҳам аҳолидан қарз ундираётган МИБ ходимлари, дам олиш кунисиз ишлаётган солиқчилар, ярим тунга қадар давом этадиган селектор ва мажлисларда иштирок этаётган юқори ва ўрта даражадаги мулозимлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчамоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ҳам соат 00:17 гача президент вазифаларини энг самарали бажариш йўллари устидан бош қотиришади. Ҳатто меҳнат қонунчилигига риоя этилишини назорат қилувчи Меҳнат вазирлиги ҳам якшанба кунлари мажлис ўтказиб турар экан.

Minbar ўз ўқувчилари орасида мини-сўров ўтказди: "2018 йилнинг августида бош вазир Абдулла Арипов давлат органларида йиғилишлар сони ва муддатини қисқартириш, давлат идораларида аниқ иш регламентини ишлаб чиқиш ҳақида раҳбарларга топшириқ берганди. Бир йил ичида вазият ўзгардими?

  • Ҳа, Меҳнат кодексида белгиланган вақтларда ишлаяпмиз. Йиғилишлар ҳам камайган.
  • Йўқ. Ҳалигача аниқ иш вақтимиз белгиланмаган. Боз устига ярим кечагача мажлисбозлик бўлаяпти.

Сўровда қатнашган 600 дан ортиқ респондентнинг 89 фоизи иккинчи жавобни танлаган.

Гарчи ҳукумат ва президент даражасида тақиқланган бўлса-да, мулозимларнинг бундай "ишчанлиги"нинг сабаби нима?

Мутахассисларнинг фикрича, давлат идораларида меҳнат қонунчилигининг нормалари ва ҳукуматнинг тақиқи иш бермаётганига бир неча сабаб бор:

  • Ўзбекистонда меритократия (таниш-билиш эмас, қобилият) асосида шаклланган профессионал давлат хизмати йўқлиги. Сифатли ва самарадор давлат аппаратининг шаклланишига ҳуқуқий асос яратиши мумкин бўлган “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонун турли сабабларга кўра 25 йилдан бери қабул қилинмаяпти. Бу қонун лавозим эгаларининг профессионаллигини, ишга рағбатини таъминловчи, уларнинг фаолиятига баҳо берувчи механизмларини жорий этиши керак.
    Давлат хизматини профессионаллаштириш хизматчининг лоқайдлигини, ишга кўмилиб кетганини камайтириш ва ижро интизомини оширишга ёрдам беради.
  • Мажлисбозликлар ва кечгача ишлаш давом этаётганининг яна бир сабаби давлат иқтисодиётнинг барча тармоқларига кириб олиб, маъмурий бошқаришдан ҳамон воз кечолмаётганидир.
    Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кескин камайтириш керак, шунда балки прокурорлар ҳам фермерларга ерни қачон суғориб¸ унга қачон кимëвий препарат сепиш каби масалаларда йўл-йўриқ берадиган селектордан қутулиб, одам каби дам олар, бошқа мулозимларга ҳам юклама камаяр.
    Балки ҳукумат ўзи учун кейинчалик вазирлик ва идораларнинг конкрет мақсадига айланадиган 30-40 стратегик мақсад (KPI) билан кифояланиши керакдир.
  • Маъно йўқлиги. Хизматчининг самарасини одил баҳолаш тизими мавжудлиги, идорадаги ҳукмрон корпоратив ва ташкилий маданият ҳам муҳим роль ўйнайди. Мулозим карьерадан ташқари, ўз ишидан маъно топиши лозим, жамоат учун манфаатли иш қилаётганини ҳис этиши керак.

Қўшни Қозоғистонда бундай профессионал давлат аппаратини шакллантириш ҳаракатлари 90-йиллардаёқ бошланган, лекин уларда ҳам ишда қолиб кетаётган ёки дам олиш кунлари ишлаётган мулозимлар муаммоси мавжуд экан. Бунинг олдини олиш учун Қозоғистоннинг Давлат хизматлари агентлиги давлат идораларида компьютерларни соат 18:00 да автоматик ўчириш, раҳбарларни жазолаш каби чораларни қўлламоқчи.

Демак, профессионал давлат хизматини тузишнинг ўзи етмас экан. Шунга муносиб идора маданияти ҳам шаклланиши керак. Лекин бу муайян вақт талаб этгани учун Ўзбекистонда яқин орада минглаб мулозим дам олишсиз ишлашда давом этишини тахмин қилиш мумкин.