Мактабларда мажбурий ягона формани жорий этиш 2024 йилга қолдирилди. Вазирлар Маҳкамасининг 666-қарорига ўзгартиришлар киритилди.

«Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларига ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш, саломатликларини муҳофаза қилиш ҳамда маънавий ва жисмоний соғлом авлодни камол топтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 15 августдаги 666-қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 33-сон, 679-модда) 3-бандидаги ва 7-бандининг учинчи хатбошисидаги “2019/2020-ўқув йилидан бошлаб” сўзлари “2024/2025-ўқув йилидан бошлаб” сўзлари билан алмаштирилсин», – дейилади ҳукумат қарорида.

"666-қарор"нинг саргузаштлари: аввалроқ Президент маъмурияти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева ва Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу йилдан мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрталигини айтган эди.

Ягона мактаб формаси тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 15 августида қабул қилинган эди. Ҳужжат лойиҳа бўлган даврдаёқ унинг тўққизинчи банди ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Ушбу бандда мактаб ўқувчилари таълим муассасаси ҳудудида ушбу муассаса маъмурияти ташкил этадиган тадбирлардан бошқа вақтда рўмол билан юрмаслиги лозимлиги белгилаб қўйилган.

Изоҳларнинг аксариятида айнан ушбу банд ҳижобни тақиқлаши таъкидлаб ўтилди. Журналистлар ва блогерлар ҳужжат амалда ҳижобнинг расман ман этилишида восита сифатида ишлатилиши мумкинлиги юзасидан ўз хавотирларини билдирган.

666-қарор жамиятда муайян эътирозга сабаб бўлгани учун кейинга қолдирилдими ёки Саида Мирзиёева айтганидек "мавжуд камчиликларни тузатмай туриб мажбурий форма талаб қилинишига ҳали эрта" бўлганигами, ҳозирча номаълум.