Меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун белгиланган жарима миқдори 10 баробар оширилади. Gazeta.uz’нинг хабар беришича, 24 август куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шу мазмунда ўзгартиш киритиладиган ўзгартиришлар Сенат томонидан маъқулланган.

Ҳозирда мазкур қонунбузарлик ҳолати учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ ЭКОИҲнинг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорни ташкил этади. Янги тузатишлар жарима миқдорини ЭКОИҲнинг 10 баробаридан 30 баробарига қадар оширишни назарда тутган.

Шунингдек, ушбу модда худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилгани учун ЭКОИҲнинг 30 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи қисм билан ҳам тўлдирилмоқда.

Вояга етмаган шахсга нисбатан шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, ЭКОИҲнинг 30 баробаридан 50 баробаригача, бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда – ЭКОИҲнинг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жаримага тортилади.

Мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати учун жарима миқдорини сезиларли даражада ошириш таклифини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўтган йилнинг кузида олиб чиққан эди.