Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг раиси Фирдавс Абдухолиқовнинг айтишича, Самарқанддаги анжуман Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ илгари сурган "Маърифатли Ислом" ғоясининг бир қисмидир.

Унинг Тошкентдаги матбуот анжуманида айтишича, Ўзбекистон тарихида илк бор дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан шарқшунос ва исломшунос олимлар бир орага келмоқда.

Самарқандда режаланган Қуръон ва Ислом тадиқотларга бағишланган "Асрлар қаъридан таралган нур" номли халқаро исломшунослар анжумани 22 август куни бошланадиган "Маданий мерос" ҳафталигининг бир қисми.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон илк бор мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони Каримнинг икки энг қадимий нусҳалари - Усмон Қуръони ҳамда Катта Лангар Қуръонини бир вақтда намойишга қўяди.

"Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият" мавзусидаги маданий мерос тадбирлари доирасида Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий Ассоциацияси билан ҳамкорликда суратга олган "Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар" фильми премьераси ҳам режаланган.

Тошкентдаги анжуманФото муаллифлик ҳуқуқиBBC UZBEK

Учинчи Маданий Мерос ҳафталиги Ўзбекистон маданияти, тарихи ва анъаналарини мамлакат ичкариси ва ташқарисида тарғиб қилиш ва оммалаштиришни мақсад қилган.

Август охирида Ўзбекистонга ташриф буюрадиган чет эллик сайёҳлар қадимий Самарқанд, Бухоро, Термиз ва Ҳивада кўплаб оммавий тадбирларни бепул томоша қилиш имконига эга бўладилар.

Бу йилги сайёҳлик мавсуми арафасида Ўзбекистон яна 20 давлат фуқароларига виза тартибини бекор қилди.

Тошкентдаги матбуот анжуманида Би-би-сининг бу ҳақдаги саволига жавоб берган Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов визасиз тартиб борасида Ўзбекистон собиқ иттифоқ ҳудудида виза Грузиядан кейинги иккинчи энг либерал давлатга айланганини таъкидлади.

Айни пайтда нима учун ҳануз сайёҳларни регистрация қилиш тартиби сақланиб қолаётгани ҳақидаги саволга жавобан у тартиб аввалгидан анча осонлаштирилгани, жумладан, онлайн қайддан ўтиш имкони тақдим этилганини айтди.

Тошкентдаги анжуманФото муаллифлик ҳуқуқиBBC UZBEK

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, айрим ҳолларда сайёҳларнинг аэропортдан кириб келгани фактининг ўзи регистрация учун кифоя қилмоқда.

Унинг таъкидлашича, бу борада сайёҳларга ортиқча муаммо чиқарилаётгани йўқ ва тартиб бундан буён фақат соддалашиб боради.

Ўзбекистонликлар энг кўп сафар қиладиган ва салмоқли диаспорага эга Америка Қўшма Штатларининг виза тартиби бекор қилинган давлатлар рўйхатида ҳозирча йўқлиги ҳам ижтимоий тармоқларда эътиборни тортган.

Биринчидан, иқтисодий қудрати ва инвестиция салоҳияти, иккинчидан эса, катта сондаги ўзбек ватандошлари билан АҚШ, кўпчилик ўзбекистонликлар назарида визасиз тартибдан энг кўп фойда келтирадиган давлатлар қаторида бўлиши мумкин.

Би-би-сининг бу ҳақдаги саволига жавоб берган Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг қудратли ҳамкорлари билан бу борада алоҳида сўзлашувлар олиб борилаётганини айтди.

"Албатта, ҳар бир давлат визасиз тартиб ўрнатганда ўзининг сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларидан келиб чиқади. АҚШ сингари буюк давлат билан визасиз тартиб ўрнатиш бўйича биз ҳозир таклифлар тайёрламоқдамиз. Аммо бу ерда яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман: АҚШ томони бизнинг фуқароларимизга қандай қулайликлар яратади? Нафақат АҚШ, балки Хитой, Европа Иттифоқи каби йирик ҳамкорлар билан музокаралар олиб борганда ҳам, биз албатта, бу жиҳатни эътиборга оламиз. Бу масала, албатта, ечимини топади, деб ўйлайман", - деди Би-би-си билан суҳбатда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Тошкентдаги матбуот анжуманида Бирлашган Миллатларнинг фан, таълим ва маданият ташкилоти - ЮНЕСКО Бош директори Адре Озуленинг Ўзбекистонга кутилаётган илк ташрифи ҳам анонс қилинди.

Озуле хоним 26 август куни Самарқандда ўтадиган "Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси" мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этади.

ЮНЕСКО ўтмишда Ўзбекистоннинг қадимий обидалари тақдиридан хавотир изҳор қилган.

Ўзбекистон Маданият вазирининг ўринбосари Камола Оқилованинг айтишича, ҳозирда ўзбек томони ЮНЕСКО экспертларининг тавсияларига қулоқ тутмоқда ва тарихий маданий обидаларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Самарқанднинг тарихий марказидаги қурилиш лойиҳалари буткул тўхтатилганини эълон қилган эди.