Давлатга хиёнатда айбланиб қамалган шарқшунос олим Андрей Кубатиннинг иши қайта кўриб чиқилиши мумкин. Унинг опаси Клара Сахаровага Олий суддан қўнғироқ қилишган ва ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида ариза топширишини айтишган. Бу ҳақида Сахарова Facebook саҳифаси орқали президент Шавкат Мирзиёевдан укасининг ишини қайта кўриб чиқишни илтимос қилаётганда айтган.

  • Ёш олим Андрей Кубатин Туркия ҳамкорлик ва координация агентлигининг (TIKA) ўша пайтдаги раҳбари Сулаймон Қизилтупроққа ЎзФА Шарқшунослик институти ва Ўзбекистон марказий архивидан олинган ҳужжат ва китобларнинг электрон вариантини 1000 долларга сотганликда айбланган.
  • Терговга кўра, бу ҳужжатлар давлат сирини ташкил этган. Шунингдек, улар орасида Ўзбекистоннинг геологик захиралари ҳақида маълумотлар акс этган тарихий хариталар ҳам бўлган.
  • Адвокат ва олимларнинг айтишича, бу харита ва китобларнинг барчаси аллақачон интернетда бемалол бўлган ва ҳеч қандай давлат сирини ташкил этмаган.
  • Давлатга хиёнат, пантуркизм тарғиботи ва миллатлараро адоватни қўзғаш каби айблар бўйича жиноят иши "олди-сотди"да ҳозир бўлган TIKA ходими Музаффар Жониевнинг аризасига кўра очилган.
  • 2017 йил декабрда суд Кубатинни 11 йилга озодликдан маҳрум қилган. 2018 йилнинг майида ушбу муддат 5 йилгача камайтирилган.
  • Андрей Кубатинни Ўзбекистон фанлар академияси ва чет элнинг кўплаб нуфузли олимлари ҳимоя қилиб чиққан.

Клара Сахарова президентга мурожаатида "сўнгги ўзгаришлардан кейин" яхшиликдан умид қилаётганини билдирган. Сахарова "сўнгги ўзгаришлар" деганда нимани назарда тутганига аниқлик киритмаган. ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришлар назарда тутилган бўлиши ҳам мумкин.