«Коммерсантъ» газетасининг эгаси бўлмиш Алишер Усмонов журналистлар Иван Сафронов ва Максим Ивановни ёзган мақоласи деб ишдан бўшатиб юборган. Бу қарорга норозилик сифатида газетанинг сиёсат бўлимининг барча ходимлари ишдан бўшаган.

  • Уларнинг ишдан олинишига Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг яқин кунларда лавозимдан кетиши эҳтимоли ҳақидаги хабар сабаб бўлган. Журналистлар бу хабарни аноним манбага асосланиб беришган.
  • «Коммерсантъ» нашриёт уйи Алишер Усмоновга тегишли, у бу брендни 2006 йили 300 млн АҚШ долларига сотиб олган.

Нашриёт уйининг меҳнат шартномаси ва Россия қонунчилигига кўра журналистлар ўз манбаларини сир тутиш ҳуқуқига эга бўлган. Аммо хабар чиққач, Алишер Усмонов ўзининг норозилигини билдиради ва хабардаги аноним манба шахсини очиқлашни талаб қилади. Журналистлар талабни бажармагач, ишдан олинади. Алишер Усмоновга ва унинг вакилига қилинган мурожаат вазиятни ўзгартирмаган.

“Нашриёт уйининг таҳририй стандартлари 30 йил давомида шаклланиб келган. Бу вақт ичида унинг эгалари, бош муҳаррирлари бир неча марта алмашганига қарамай, нашриёт уйи юқори даражадаги таҳририй стандартларга мувофиқ ишлаб келган. Ҳозир эса бошқа соҳаларда муваффақиятга эришган, аммо журналистикага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган шахслар таҳририят ишига аралашмоқда”, – дейилади «Коммерсантъ» нашриёт уйи мурожаатида.

Алишер Усмоновнинг вакили эса бизнесмен «Коммерсантъ» нашриёт уйининг таҳрир сиёсатига аралашмаслиги, журналистларни ишга олиш ёки ишдан бўшатишда умуман қарор қабул қилмаслиги, журналистларнинг ишдан бўшагани ҳақида матбуотдан хабар топганини айтган.