Ўзбекистон Шинжондаги "де-радикаллаштириш" сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Хитойга 2 кунлик ташриф чоғида айтган, деб хабар беради China Daily нашри.

19 августда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашган Абдулазиз Комилов таъкидлашича, Ўзбекистон "ягона Хитой" сиёсатига (унга кўра Тайвань мамлакатнинг мухтор минтақаси сифатида кўрилмайди – таҳ.) содиқ бўлган ҳолда, Хитойнинг муҳим манфаатлари масаласида доимо Хитой тарафида туради. Ўзбекистон вазири шунингдек ҳеч қандай давлат Хитойнинг ички ишларига аралашишига ҳаққи йўқлигини ҳам урғулаган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И учрашувда томонларнинг ўзаро ишончли, "Камар ва йўл" лойиҳасида самарали ҳамкорлик муносабатларини қайд этган. Унинг фикрича, Ўзбекистон ўзининг тараққиёт дастурларини "Камар ва йўл" билан кенгроқ боғлаши, томонлар савдо ва инвестиция масалаларида ҳамкорликни кенгайтириши, одамлараро алмашинувларни кўпайтириши ва аксил-террор ҳамкорликни чуқурлаштириши керак.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Ўзбекистон икки давлат иқтисодиётларини туташтиришда ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари суришда ҳамда Хитой билан стратегик шерикликни кенгайтиришда амалий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.

Аввалроқ 50 давлатнинг БМТ Женева қароргоҳидаги элчилари (Ўзбекистонники ҳам) Хитойнинг Шинжондаги уйғурларга муомаласини қўллаб-қувватлаб БМТга мурожаатнома имзолаган. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги хабар берган.

Лекин Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу хабарларга изоҳ бермаган эди. Вазирлик матбуот хизмати бу бўйича ҳеч қандай маълумот йўқлигини маълум қилган.

Бирлашган миллатлар экспертлари ва инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, бир миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмонлар маҳбусларга мўлжалланган жамлоқларда ушлаб турилибди.

Хитой уйғурларни терроризмга қарши кураш марказларида қайта тарбиялаётганини айтиб келади.

Комиловнинг Хитойга ташрифи доирасида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасининг янги биноси очилиши маросимида иштирок этиши ҳам режалаштирилган.