Нурсултон опера театри труппаси Қозоғистоннинг биринчи президенти, элбоши Нурсултон Назарбоевга бағишланган операни босим остида репетиция қилмоқда.

«Яратганнинг иродасини бажариш учун Ерга юборилган» ва «Йўқ, у на худо, на авлиё, на пошшо, у биринчи президент ва етакчи» сатрлари бўлган мусиқий асарни ижро этишни хоҳламаган артистларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилишган.

Қозоқ журналисти Асем Жапишева ўзининг Facebook саҳифасида хабар беришича, пьеса элбоши раҳнамолигида Қозоғистонда барча жабҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни тараннум этишга бағишланган. «Қуёш ёритган йўл» асарида куйланишича, Нурсултон Назарбоев мустақил Қозоғистоннинг ташкил топиши ва тараққий этишига бош-қош бўлиши учун Яратган томонидан юборилган.

Асар муаллифи, 20 яшар композитор Роҳатбий Абдисағин қозоқ парламенти депутатининг ўғлидир. Май ойида у икки соатлик «Қуёш ёритган йўл» операсини Нурсултон Назарбоевга тақдим этган эди.

Ҳозир «Остона опера»да репетициялар қизғин давом этмоқда. Опера Пойтахт куни тантаналари доирасида намойиш қилиниши айтилаяпти.