Автомобил моделларида ўтказилган тажриба бир-бири билан сигнал алмашувчи, бошқача айтганда, “гаплаша олувчи” машиналар йўлда тирбандликни 35 фоизгача камайтиришини кўрсатди.

Кэмбриж университети тадқиқотчилари 16 та мустақил бошқарилувчи автомобилнинг икки бўлакли йўлдаги ҳаракатини ўрганишган. Ҳаракат жараёнида битта автомобил йўл ўртасида тўхтаб қолганда бошқа автомобиллар ўзини қандай тутиши кузатилган. Автомобилларнинг ўзаро ахборот алмашинуви ёқилмаган пайтда тирбандлик пайдо бўлган.

Аммо ахборот алмашинуви ёқиб қўйилганда автомобиллар керакли жойда секинлаган ёки тезликни оширган ёки бир-бирига йўл бера бошлаган.

Модел машиналар Wi-Fi орқали ўзаро алоқа қилган.

Машиналардан биттасини одам пулт орқали тартибсиз бошқара бошлаганда ҳам бошқа машиналар унга туртиниб кетишдан қочишга ҳаракат қилган.

Тадқиқотчилардан бири Кэмбриж талабаси Майкл Ҳенинг айтишича, “ўзини ўзи бошқарувчи машиналар шаҳарлардаги йўл ҳаракатида турли муаммоларни ҳал қилиши мумкин. Фақат улар ўзаро алоқа қилиши керак”.

Бу тадқиқот нимаси билан муҳим?

Бу автомобилларни шунчаки ҳайдовчисиз машиналар билан айнанлаштирмаслик керак. Улар нафақат ўзини-ўзи бошқаради, балки бир-бири билан алоқага киришиб, қандай тезликда кетаётгани, секинлашадими-тезлашадими, хабар узатади. Натижада бошқа машиналар ҳам шунга мувофиқ ҳаракат қилади. Масофа сақлаш каби муаммолар бўлмайди. Автомобил сенсорлари, шунингдек, йўлдаги светофорларнинг ёниб-ўчиши ҳақида ҳам маълумот олади, бу эса инсон омили сабабли вужудга келадиган аварияларнинг олдини олиши мумкин.

Машиналарни алгоритм бошқаради. Агар машина бир полосадан иккинчисига ўтмоқчи бўлса, сенсорлар аввал ён-атрофдаги машиналар, уларнинг тезлиги ҳақида маълумот олади. Алгоритм эса машина полосани ўзгартириши мумкин ёки мумкинмаслигини ҳал қилади. Бу эса хавфли бурилишлар, кесиб чиқишларнинг олдини олади.

Яна бир аҳамиятли томони машина автоматик тарзда бошқарилганда унинг сенсорлари бошқа автомобилларники билан бир хил ишлайди. Автомобил эгасининг бой ёки камбағаллигининг фарқи қолмайди.

Бу тизимнинг муаммоли жиҳатлари нимада?

Ўзаро боғланган ҳайдовчисиз машиналар самарали ҳаракатланиши учун шаҳарлардаги аксар машиналар шундай бўлиши керак. Автомобил ишлаб чиқарувчи барча компаниялар ўз маҳсулотларининг ахборот алмашувчи дастурий таъминотларини стандартлаштиришлари керак бўлади. Ўзаро мувофиқ келмайдиган алоқа тизимига эга автомобиллар бир-бирини тушунмайди. Бошқарув издан чиқиши мумкин.

Автомобиллардан бирининг алоқа тизими ишдан чиқиши муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо тадқиқотда кўрсатилганидек, бошқа автомобиллар бетартиб ҳаракатланаётган машинадан четлашишни бошлайди. Бу “бебош” машина зарарини камайтирса-да, тўқнашув хавфини бутунлай йўқотмайди. Аммо инсон бошқарувчи автомобилларда ҳар бир инсон “бебош” ҳайдовчи бўлиш эҳтимолини ҳисобга олсак, бу унчалик жиддий муаммо бўлмаслиги мумкин.