Уй-жой кодексига 4 апрелда киритилган қўшимчаларга кўра, тураржой мулкдори фарзандларининг эр-хотини ҳам унинг оила аъзолари қаторига киритилди.

Энди Уй-жой кодекси 32-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилади:

"Тураржой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.
Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий бирга яшаётган оилали фарзандлари ва уларнинг эр-хотини, агар улар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлса, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзолари деб тан олиниши мумкин".

Бу нега муҳим: шу пайтгача куёв ёки келинлар оила аъзоси сифатида эътироф этилмаган. Мазкур ўзгартиш хотин-қизларнинг никоҳдан ажралган ҳолларда ўзи яшаб келаётган (келин бўлиб тушган) мулкдорнинг уй-жойидан фойдаланиш, бу уйга ўзининг фарзандларини ҳам кўчириб киритиш ҳуқуқини беради.

Қўшимча ташаббускорларининг фикрича, бу норма хотин-қизлар ҳамда фарзандларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, оилавий ажримлар пайтида юзага келадиган можароларнинг олдини олишга хизмат қилади.