Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов «Amerika ovozi» мухбири билан суҳбатда бюджетдаги шаффофлик хусусида гапирган.

«Молия вазирлиги ошкоралик учун катта қадамлар қўймоқда. Масалан, бизда бюджетнинг шаффофлиги тўғрисида ишлар олиб борилаяпти. 2018 йили ўзбек ва рус тилларида “Фуқаролар учун бюджет” деган катта қўлланма чиқди. Унда фуқароларга бюджет нима экани, пул қаердан келиб қаерга кетаётгани содда тилда тушунтириб берилган. Режамиз шуки, бюджетга келаётган ва бюджетдан кетаётган пулни очиқдан-очиқ кўриш имконияти пайдо бўлади. Масалан, уйда ўтириб онлайн равишда маҳалламиздаги мактабга қанча пул кетаётгани ёки шифохонага қанча пул сарфланаётгани, биз тўлаётган пуллар қаерга ишлатилаётганини очиқ кўриш мумкин бўлади», – деган вазир ўринбосари.

Одилбек Исоқов 28 йил давомида ҳукумат халқаро рейтинглар ёки бошқа кўплаб халқаро индексларга эътибор бермаганини таъкидлайди.

«Мирзиёев очиқлик сиёсатини юритаяпти. Шу очиқлик туфайли анча йиллардан бери бизни танқид қилиб келган ташкилотларнинг фикрлари ҳам эшитилаяпти. Бу прагматик сиёсат. Яъни республикага инвестицияларни жалб қилиш учун инвесторлар нималарга қарашига аҳамият берилади. Сиёсий ва ҳуқуқий рейтинглар иқтисодий рейтингларнинг асосини ташкил қилади», – деган Исоқов.

Вазир ўринбосарига кўра, 24 та халқаро индексда Ўзбекистон ўз ўрнини эгаллаши керак, молия тизимидаги шаффофлик инвесторлар учун ҳам муҳим.

«Оддий одамнинг тасаввурини ўзгартириш қийин бўлганидек, хорижий инвесторларнинг тасаввурини ўзгартириш икки баробар қийин. Тизимли ўзгаришларни кўриш учун улар фактларга қарашади, фактлар нимадан далолат бераётганини ўрганишади. Ўзбекистонга инвесторларнинг кириб келиши яхшиланаяпти. Кредитлар оқими кўпаяяпти», – деб ҳисоблайди вазир ўринбосари.

Одилбек Исоқов солиқ ислоҳоти хусусида ҳам тўхталган: «Солиқ ислоҳоти диққат марказида турибди. Солиқни иложи борича камайтириш, одамларга тушунтириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш режа қилинаяпти. Ривожланган мамлакатларнинг тажрибасига қарасак, солиқ тўламаслик жиноятдир. Уларда солиқ тўлаш маданияти юқори. Лекин солиқлар адолатли бўлиши керак, сарф-харажат эса шаффоф бўлиши лозим».

Вазир ўринбосарининг фикрича, Ўзбекистон ҳозирги ва олдинги тараққиёти, бизнес муҳитини сақлаб қолган ҳолда ёпиқ сиёсат билан маълум бир ютуқларга эришиши мумкин. Лекин ҳозирги сиёсат бошқача: халқ кўпайиб бораяпти, мамлакатда ресурслар чекланган, жумладан, сув ресурслари ҳам.

«Хорижий инвесторларни жалб қила олсак, бу Ўзбекистонда хусусий секторга йўл очиб берганини кўрсатади, ислоҳотлар давомий бўлишини таъминлайди. Ҳозирги ҳукумат хорижий инвесторларнинг талабларини тўла бажара оладиган тизим яратиши лозим», – деган вазир ўринбосари.