Pew Research нуфузли тадқиқот маркази Ўзбекистонда шундоқ ҳам кундай равшан бўлиб турган хулосага келди: келажакда дин таъсири заифлашмайди, аксинча, кучаяди.

Ислом дунёнинг биринчи рақамли динига айланади. Атеистларнинг абсолют сони ортса-да, дунё аҳолисига нисбатан улуши камаяди.

Pew Research хулосасига кўра, энг тез ўсаётган диний гуруҳ мусулмонлар бўлиб, дунё аҳолисига нисбатан икки баробар юқори суръатда кўпаймоқда.

Келгуси қирқ йилда дунё аҳолиси 32 фоиз ошса, мусулмонлар сони 70 фоиз кўпайиб, 2015 йилги 1,8 млрд.дан 2060 йилга бориб 3 млрд.га етади. Яъни мусулмонлар ҳозир дунё аҳолисининг 24,1 фоизини ташкил қилса, бу кўрсаткич 2060 йилда 31,1 фоиз бўлади.

Насронийлик ўладими?

Ҳозир насронийлар дунё аҳолисининг 31 фоизини ташкил қилади. Бу дин вакиллари асосан Европада яшайди. У ерда эса ўлим даражаси туғилишдан кўпроқдир. 2010 – 2015-йилларда Европа насронийлари орасида ўлганлар туғилганлардан 6 млн кўп бўлган. Биргина Германиянинг ўзида 1,4 млн кўпроқ одам ўлган.

Лотин Америкаси ва Африкада насронийлар сони сезиларли ўсса ҳам, бу мусулмонларнинг глобал ўсишига нисбатан барибир оз.

Мусулмонлар ниманинг ҳисобига ўсади?

  • Туғилишнинг юқорилиги. Ҳар бир аёл мусулмонга ўртача 2,9 бола тўғри келса, насронийларда бу кўрсаткич 2,6, умуман ғайримуслимларда 2,2 боладир.
  • Эътиқодини ўзгартирувчиларнинг озлиги. Яъни бошқа динга ўтувчи мусулмонлар сони бошқа дин вакилларига нисбатан оздир.

Атеистлар ҳақида нима дейиш мумкин?

Pew Research ҳисобига кўра, ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиганларнинг дунё аҳолисига нисбати 2060 йилга бориб, ҳозирги 16 фоиздан 13 фоизга тушади. Бироқ бу уларнинг абсолют сони камайиши ҳисобига бўлмайди. Динсизлар ҳозирги 1,17 млрд.дан 1,2 млрд.га кўтарилади. Бошқача айтганда уларнинг фоизи камайиши диндорларга нисбатан кам туғиши ҳисобига бўлади. 2010 – 2015-йилларда муайян динга мансуб бўлган ҳар бир аёлга 2,45 бола туғиш тўғри келган бўлса, динсизларда бу ўртача 1,65 бола бўлган.

Динсизларнинг ўсиши асосан Шимолий Америка ва Европага тўғри келади.

Бошқа динлар нима бўлади?

Хитой, Тайланд ва Японияда туғилишнинг қисқариши сабабли буддистлар сони 2015 йилги 500 млн.дан 2060 йилга бориб 462 млн.га тушади.

Африка, Австралиядаги турли маҳаллий динларг эътиқод қилувчилар 418 млн.дан 441 млн.га ўсади.

Pew Research хулосаси нимага асосланади?

Pew Research хулосаси кейинги 10 йилликдаги демографик ўзгаришлар тенденциясига асосланади. Аммо бу хулоса 40 йил кейинги демографик ҳолат бўйича етарлича ишончли башорат қилишга имкон бермаслиги мумкин.

Ҳозирги демографик ўзгаришлар суръати келгуси 40 йилда сақланиб қолишини олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Демографик ўзгаришларга уруш, иқтисодий фаровонлик ва қашшоқлик, аёлларнинг ўқимишлилик даражаси жиддий таъсир қиладиган омиллардир. Аҳоли ўсишини фақат ўтмиш тенденциясигагина таяниб ишончли башорат қилиш мушкул.

Ўтган олтмиш йилда дунё аҳолиси ўсиш суръатлари, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, пастлаган.

Масалан:

Минтақа

1960

2016

Араб дунёси

6,9 %

3,3 %

Европа

2,6 %

1,6 %

Лотин Америкаси

5,9 %

2,1 %

Шимолий Америка

3,7 %

1,8 %

Яқин Шарқ ва Шимолий Африка

6,9 %

2,8 %

Жанубий Осиё

6 %

2,5 %

Шарқий Осиё

5,4 %

1,8 %

Дунё

5 %

2,4 %