Швейцария бош прокуратураси Гулнора Каримова иши бўйича тергов давомида мусодара қилинган пулларнинг 130 млн франки (133 млн доллар) Ўзбекистонга қайтарилишини айтган.

Хабарга кўра прокуратура Ўзбекистон бозорига кириш ва фаолият олиб боришни истаган компаниялардан катта миқдордаги пулнинг ноқонуний олиниш схемасини фош қилувчи далилларни топган. Улар асосан хориж компанияларидир.

"Чет элга чиқариб юборилган бу пулларнинг асосий қисми Швейцариядалиги аниқланди. Ўтказилган тергов натижаларига кўра музлатилган пулларнинг 130 млн франки Ўзбекистонга қайтарилади", – дейилади прокуратура баёнотида.

Кеча Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram саҳифасида онасининг ўзбек халқидан кечирим сўраган мурожаатини эълон қилганди. Хатда Гулнора Каримова ундан олинган пуллар аллақачон Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилаётганини ёзган.

Фото: Instagram

Гулнора Каримова 5 март куни уй қамоғидан умумий колонияга ўтказилганди. У хориждаги ноқонуний бойликларини мамлакатга қайтаришга фаол қаршилик қилгани айтилган.

  • Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган пулларни ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг эвазига унинг 2017 йилда белгиланган 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига (уй қамоғига) алмаштирилган.
  • Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган. У шунингдек тураржойни тарк этмаслик, алоқа воситалари ва интернетдан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам бузган.
  • Жазони ўташ даврида суд томонидан белгиланган чекловларни тизимли равишда бузиб, мажбуриятларини бажармай келган.

Гулнора Каримова машмашаси қизи Имон Каримова 5 мартда ўзининг «Instagram»даги саҳифасида онасини прокуратура ходимлари уйидан олиб кетганини айтгандан сўнг яна кўтарилган.

  • Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш муддати аниқ эмас.
  • Гулнора Каримова Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланмоқда.