Ўзбекистонда аскилэмлаш кайфиятлари ўсмоқда. Шу билан бирга оддий эмлаш орқали назорат қилиш мумкин бўлган инфекциялар ҳам авжига чиқмоқда. Жаҳон эмлаш ҳафталиги доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова "Minbar"га кейинги пайтда катталар ҳам “болалар” касаллигига чалиниши кўпайгани ҳақида гапириб берди.

1Катталарга эмлаш нега керак

Бунга бир неча сабаб бор:

  • Қизамиқ, қизилча, бўғма каби юқумли касалликларни кўпчилик ёш болалар касаллиги деб ўйлайди. Оммавий эмлаш доимий тус олгунга қадар бу касалликларга чалинган болалар ё ўлиб қоларди, ёки касалликка қарши бир умрлик иммунитет ҳосил қиларди. Шунинг учун ҳам аксар катталар бунақа касалликларга чалинмаган. Аммо кейинги пайтда катталар ҳам “болалар” касаллигига чалиниши кўпайган.
  • Ҳамма вакциналар ҳам бир умрга етадиган иммунитетни ҳосил қилмайди. Айрим вакциналарни қайта олиш керак. Болалар профилактик эмлаш миллий календари асосида бепул эмланади.
  • Баъзи касалликларга қарши фақат қариялар ёки хатар гуруҳига кирадиганлар (масалан, кашандалар, ногиронлар) эмланиши керак.
  • Катталар фавқулодда ҳолатларда, эпидемия тарқалиш эҳтимоли катта бўлганда ҳукумат қарори билан мажбурий эмланиши мумкин.
  • Ҳомила нуқсонсиз туғилиши учун ота-она бўлишни режалаштирганлар ҳомиладорликдан олдин, аёллар эса ҳомиладорлик вақтида ҳам эмланиши керак.
  • Саёҳатга (четда ишлашга) чиқмоқчи бўлганлар ҳам эмланиши шарт.

Ўзбекистонда эмлаш бўйича икки календар мавжуд:

  • Профилактик эмлаш миллий календари. 18 ёшгача бўлганлар 13 тургача касалликка қарши эмланади. 1992 йилгача 6 та касалликка қарши эмланган. Ушбу календар асосида эмлаш бепул.
  • Эпидемик вазиятларда умуммиллий миқёсда эмлаш. Фавқулодда эпидемия тарқалганда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги касалликка қарши вакцина олишга тавсия бериши мумкин.

2Қайси касалликка қарши вакцинани олиш керак

Кўпчилик болалигида у ёки бу касалликка қарши эмланган. Шундай бўлса ҳам, муайян юқумли касалликка қарши танангизда антитаналар бор ёки йўқлигини аниқлаш мумкин. Антитана организмга тушган зарарли бактерия ёки вирусни йўқ қилувчи оқсилдир.

Вирусли B гепатити, бўғма, қоқшол, полиомиелит, қизамиқ, қизилча, эпидемик паротит, кўкйўталга қарши антитаналарни текшириш, текширув натижаларини инфекционистга кўрсатиб, қайси касалликка қарши иммунитетингиз заифлигини аниқлаб, вакцина олишингиз мумкин.

Болаликда эмланган бўлсангиз ҳам айрим касалликларга қарши ҳосил бўлган иммунитет бир умрга кифоя қилмаслиги мумкин. Янги чиққан, нисбатан такомиллашган вакциналар яхши ўзлашади, сизни ишончлироқ ҳимоя қилади.

3Хорижга саёҳат қилувчилар ўзларини эмлатишлари шарт

Ўзбекистон ҳудудида қайсидир касалликнинг мутлақо мавжудмаслиги вакцина олмаслик учун баҳона бўлолмайди. Айниқса хорижий мамлакатларга саёҳат қилувчилар ўзларини барча юқумли касалликларга қарши эмлатишлари керак. Бундай вазиятда эмлатмаганлар касалликни нафақат ўзига юқтиради, балки қайтиб келиб, касалликка қарши эмланмаган бошқаларга ҳам юқтиради.

  • Туркия, Испания, Кипр, Миср каби нисбатан иссиқ давлатларга саёҳат қилувчилар A гепатитига қарши;
  • Африканинг, Ҳиндистоннинг шимолий қисмлари ва уларга чегарадош мамлакатлар, Ўрта Осиё мамлакатларига борувчилар ичтерламага қарши;
  • Тайланд, Ҳиндистон, Хитой, Вьетнамга борувчилар қутуришга қарши;
  • Россия ва Украинага борувчилар бош мия ялиғланиши – энцефалитга қарши;
  • Африкага борувчилар сариқ безгакка қарши;
  • ҳажга борувчилар менингококка қарши эмланиши лозим.

4Катталар айнан қайси вакциналарни олиши керак

  • Бўғма, қоқшол ва кўкйўтал (вакцина АДС-м). Бу касалликларга қарши ҳар 10 йилда бир марта эмланиш керак. Айниқса ҳомиладорларни кўкйўталга қарши эмлаш болани ҳимоя қилиш учун муҳим. Ит қопган, бирор жойи жиддий жароҳат олганлар ўзларини қоқшолга қарши эмлатишлари лозим.
  • Қизамиқ, қизилча, паротит. Қизамиққа қарши бир марта эмланади. Яъни болаликда эмланган бўлангиз, шу етарли. Аммо қизилча, паротитга қарши ҳар 10 йилда бир марта вакцина олиш керак. Айниқса ҳомиладорларни қизилчага қарши эмлаш муҳим. Чунки аёлнинг ушбу касалликка чалиниши болани нобуд қилиши мумкин.
  • Сувчечак. Агар бу касаллик билан оғримаган бўлсангиз, вакцина олиш керак. Катталарда сувчечак жуда оғир ўтади ва асорат қолдиради. Эмлангандан кейин иммунитет 30 йилгача сақланади. 50 ёшдан кейин яна бир марта олиш тавсия қилинади. Чунки ёш ўтган сари бу касалликка чалиниш эҳтимоли ортади. Шунингдек, сувчечакка чалинган бемор билан мулоқот қилган одам ҳам 72 соат ичида эм олиши тавсия қилинади.
  • Хиб инфекцияси, пневмококк. Ёши 65 дан ошганлар, ёш болалар билан ишловчилар, жигар, нафас йўлларининг сурункали касалликларига чалинганлар, қандли диабети борлар ва иммунитет заифлигидан доимий азият чекадиганлар ушбу инфекцияга чалиниш эҳтимоли катта. Шу боис айни шу тоифадаги инсонлар бу вакцинани олганлари маъқул.
  • Полиомиелит. Ёшлигида бу касалликка қарши эмланмаганлар олишлари керак.
  • Одам папилломаси вируси. Бу инфекцияга чалинмаган 9-26 ёш оралиғидаги қизлар олишлари керак. Айниқса, биринчи жинсий алоқага қадар эмланиш муҳим. Вакцинани 45 ёшгача олиш мумкин. Бу вирус аёллар учун айниқса хавфлидир – бачадон бўйни саратонига сабаб бўлади. Аммо бу ушбу инфекцияга қарши фақат аёллар эмланиши кераклигини англатмайди. Эркакларда ҳам бу вирус оз учраса-да, саратонга сабаб бўлади. Энг кўп оқибати жинсий аъзоларда сўгалларнинг пайдо бўлишидир. Энг асосийси бу вирус билан касалланган эркак касаллик ташувчи бўлади. Ва ўзи алоқада бўлган аёлларнинг соғлиғи ва ҳаётига хавф солади. 100 дан ортиқ давлатда одам папилломаси вирусига қарши умумий эмлаш мавжуд. Ўзбекистонда бунга қарши эмлаш 2019 йилнинг октябрь ойидан бошланиши режаланган.
  • A гепатити. A гепатити вируси инсондан инсонга осон юқади. Сув, овқат, вирус теккан исталган нарсани ушлаш, ювилмаган қўл орқали ўтади, жигарни жиддий касал қилади. A гепатитига қарши вакцина 6 ой оралатиб икки марта олинади.
  • B гепатити. Бу касалликка HBV вируси сабаб бўлади. Ўта қаттол касалликлардан биридир. Касаллик асосан қон ва жинсий йўл билан ўтса-да, бир марта юқиши сурункали гепатит ва циррозга сабаб бўлиши мумкин. Бу вирусга қарши вакцина камида 5 йилгача ҳимоя қилади.
  • Менингококк. Менингит жуда оғир касалликлардан бири. Болалар ҳам, катталар ҳам чалиниши мумкин. Менингитга қарши 9 ойликдан 55 ёшгача вакцина олиш мумкин. Бу касалликка қарши вакцинани шифокор билан маслаҳатлашиб, кейин олиш керак. Ўзбекистонда ҳажга борувчилар менингококка қарши эмланади.
  • Қутуриш. Қутуришга қарши айниқса ҳайвонларга қаровчилар эмланиши керак. Ит қопган, мушук юмдалаганлар жароҳатнинг ҳолатидан қатъи назар, ўзларини қутуришга қарши эмлатишлари зарур.
  • Грипп. Бу касаллик мавсумий эмлашни талаб қилади. Яъни грипп вируси ҳар йили ўзгариб тургани боис тарқалиш эҳтимоли бор грипп вирусларига қарши касаллик мавсуми бошлангунга қадар эмлаш керак.