Қозоғистоннинг ҳукмрон "Нур-Отан" партияси июнда ўтувчи президентлик сайловида муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев номзодини илгари сурди.

"Нур-Отан"нинг раиси, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев партиядошларидан Қосимжўмарт Тўқаев номзодини қўллаб-қувватлашларини сўраган. Президент сайлови 9 июнга белгиланган.

Шу билан анчадан бери Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоеванинг президентликка даъвоси билан боғлиқ мавҳумлик ўз ечимини топгандек бўлди.

Айрим таҳлилчилар сенат раиси Дариға Назарбоевани эҳтимолий меросхўр сифатида кўраётган эдилар. Назарияда бу ҳали ҳам имконсиз эмас.

  • Лекин бунинг учун "Нур-Отан" партияси аъзоси бўлмиш Дариға Назарбоева номзодини бошқа қайсидир жамоат ташкилоти қўллаб-қувватлаши керак.
  • Дариға Назарбоева номзодини кўрсатиши мумкин бўлган ташкилотлардан бири Қозоғистон халқлари ассамблеясининг йиғилиши 29 апрелда бўлиши режалаштирилган.
  • Сайлов қонунчилигига кўра, жамоат ташкилотлари президентликка ўз номзодини 28 апрелгача эълон қилиши мумкин.

Қосимжўмарт Тўқаев аллақачон ўз ҳужжатларини Марказий сайлов комиссиясига топширди.

78 яшар Назарбоев 2019 йилнинг март ойида истеъфо бериши ортидан сенатнинг 65 ёшли раиси Қосимжўмарт Тўқаев мамлакатнинг муваққат президентига айланган эди. Белгиланган қонунга кўра у мамлакатни 2020 йилнинг апрелига қадар бошқариши лозим эди. Бироқ шу ой бошида Тўқаев мамлакатда муддатидан аввал президент сайлови ўтказилишини эълон қилган.