20 июл куни Ўзбекистон халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров 82 ёшида оламдан ўтди.

Кўпчилик хотирасида Зоҳид Ҳақназаров ҳар қандай оғир шароитда ҳам ўз инсоний приципларига содиқ қолган, ҳақиқатни ошкора айтишдан чўчимаган ҳақиқий ўзбек зиёлиси сифатида қолади.

  • Зоҳид Ҳақназаров Ўзбекистонда "Бирлик" халқ ҳаракати асосчиларидан бири ва ҳамраиси бўлган.
  • У 2003 йили Ўзбекистонда оғир иқтисодий ва сиёсий вазият юзага келганини айтиб марҳум президент Ислом Каримовга очиқ хат ёзишдан чўчимаган.
  • Ўшанда профессор Зоҳид Ҳақназаров 15-20 АҚШ долларига тенг маошга Ўзбекистонда кун кўриш оғир бўлиб қолганини, мамлакатдаги аксар завод-фабрикалар тўхтаб қолганини ёзган.

Зоҳид Ҳақназаров халқдан тортиб олинган демократияни қайтариш, сўз ва матбуот эркинлигини жорий қилиш, сиёсий партия ва ҳаракатларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишига, ҳукуматни танқид қилишга рухсат берилиши талабини қўйган.

Аксар халқаро ташкилотларнинг йиллик ҳисоботларида 1999 йилги Тошкент портлашлари ортидан Ўзбекистон раҳбарияти диний экстремизмга қарши курашни баҳона қилиб ўзгача фикрловчиларга таъқибни кучайтиргани танқид қилинган.

Ўзининг очиқ мактубида Зоҳид Ҳақназаров Каримовдан ўзгача фикрловчи инсонларга босимни тўхтатиш, қўшни мамлакатлар билан чегараларни очишни ҳам талаб қилганди.

Зоҳид Ҳақназаров журналист Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинишини ҳам қоралаган, президент Мирзиёевдан журналистни озод қилишни сўраб мурожаат этган эди.

"...56 йил рус чоризми мустамлакачилигини, 70 йил болшевиклар репрессияларини (улар ҳам руслар), 26 йил мобайнида Ислом Каримов буйруғи билан қотилликларни бошидан кечирган ўзбек халқини, ўзбекларни ҳимоя қилаётган мард йигитимизга минг раҳмат дейишимиз ва бугуннинг ўзидаёқ унга ҳайкал қўйишимиз керак. Қачонгача бир-биримизнинг бошини еб, бошқа халқлар олдида шарманда бўлиб юрамиз? Уят!

Мен Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев конституциямиз гаранти сифатида сўз эркинлигини сақлаб, йигитимиз Абдуллаев-Ҳақназаровнинг озодликка чиқишига ўзининг инсоний ҳиссасини қўшишини истардим...", – дея мурожаат қилган эди Зоҳид Ҳақназаров.

  • Зоҳид Ҳақназаров 1937 йил 12 ноябрда Тошкентда туғилган.
  • 1963 йили Москва консерваториясини дирижёрлик мутахассислиги бўйича тугатган.
  • 1979 йилгача Ўзбек давлат филармонияси симфоник оркестрига раҳбарлик қилган.

"У кўпчилик ўзбекистонлик композиторларнинг симфония жанридаги асарларини биринчилардан бўлиб талқин қилган. Масалан, "Самарқанд ҳикоялари", "Почта", "Поэма-рапсодия", "Симфония", "Тошкент манзаралари" ва бошқалар. Римда ўтказилган халқаро дирижёрлар конкурсида диплом билан тақдирланган", – дейилади Зоҳид Ҳақназаровга бағишланган мақолада.

Зоҳид Ҳақназаровга 1978 йили Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган, у "Ҳурмат белгиси" ордени ва медал билан мукофотланган эди.

Би-би-си ўзбек хизмати таҳририяти Зоҳид Ҳақназаровнинг яқинларига таъзия изҳор этади.

Видео парча кинодокументалист Абдулазиз Маҳмудовнинг "Амир Темур соясида. Гаровдагилар" ҳужжатли филмидан олинди.