Ўзбекистон ҳарбий суди ҳукмига кўра собиқ маҳбус, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида яшовчи Ўрмонали Қурбоналиевга у қамоқда ўтирган йиллардаги пенсия пули тўлиқ тўланадиган бўлди. Бу фақат Ўзбекистондаги эмас, дунёнинг деярли ҳамма мамлакатларидаги энг оғир жиноятлардан бири – жосусликда айбланган Қурбоналиевни оқлаш йўлидаги навбатдаги суд ҳукмидир. Олдинроқ у бу модда бўйича жиноят қилмагани исботланиб, судда оқланганди. Бунгача эса у 3 йилу 10 кун давомида қамоқда ўтирганди. Лекин Ўрмонали Қурбоналиевнинг ўзи ҳалигача кучда қолган яна бир жиноий модда – давлат чегарасини бузиб ўтиш бўйича ҳам оқланганидан кейингина адолат тўлиқ қарор топишини айтмоқда.

Етти ухлаб тушга кирмайдиган айблов

2015 йилнинг декабр ойи. Кўчага бир юмуш билан чиққан Қурбоналиев уйига қайтиб келмади. Унга Шириндаги милиция бўлимига кириб ўтишни айтишди. У ерда ундан фуқаро кийимидаги кишилар нималарнидир сўраган бўлдилар-да, Ховосга олиб кетишди.

Ўрмонали келавермагач, унинг индамасдан қаергадир кетиб қолиш одати йўқлигини билган оила аъзолари хавотирга тушишди. Устига олдинроқ ҳам милиция ходимлари Қурбоналиевни ҳеч бир огоҳлантиришсиз олиб кетиб, бир неча ой дараксиз кетганини, уни қидирмаган жойлари қолмаганини ҳали унутишгани йўқ эди.

– Сўраб-суриштириб, излаб-излаб болаларимнинг дадасини Ховосдан топдик. Лекин ҳеч ким у киши нега қамаб қўйилганини айтмади, – деди Ўрмоналининг турмуш ўртоғи Саломат.

Ўрмоналининг ўзи ҳам нега ҳибсга олишганини билмасди. Дастлабки тергов давомида эса уни қўшни мамлакат фойдасига жосуслик қилишда айблай бошлашди. Ўрмонали етти ухлаб тушига кирмаган бу айбни тан олмади. Дўқ қилишди, қўрқитишди, қийноққа солишди, лекин терговчилар истаган қоғозга қўл қўймади. Вилоят маркази – Гулистонга олиб кетишиб, сўроқлар давом эттирилганда ҳам ўзига қўйилган бирон-бир айбни тан олмади.

– Айтинг, қилмаган, ҳатто ўйламаган ишни қандай тан олиш мумкин? Ҳаммаси ғирт туҳмат, уюштирилган нарсалар эди. Гувоҳлик берганларнинг ўзлари ҳам мени кўрганда бу одамни танимайман дейишди. Лекин уларни ташқарига олиб чиқиб, «ҳақини беришгандан кейин» танийманга ўтишди, – дейди Қурбоналиев.

Унга кўра ўзини жосус деб айтаётган кишиларни ҳаётида биринчи марта кўриб турган. Ховосга, ҳибсхонага олиб боришгандан кейин улар билан юзлаштиришган.

«Ғирт туҳмат деб айтаётганингиз, жосусликда айблаш қаердан келиб чиқди?», – сўрайман Қурбоналиевдан. У ўша пайтда куракда турмайдиган бу айбловга ўзи ҳам ҳайрон бўлганини айтади.

Қурбоналиев терговда ҳам, судда ҳам ўзига қўйилаётган айбларни тан олмайди. Лекин аввалига уни танимаган, кейин «таниган» гувоҳларнинг гапларига асосланиб, жосуслик, чегарани бузишда айблашади ва 13 йилга озодликдан маҳрум этишади. Суддан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай Қурбоналиевни Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасига олиб кетишади.

«Борсакелмас»да ҳам қайсарлик қилармикансан?»

Қўли гул маҳбуслар ижоди. Фото: BBC Uzbek

Асли касби муаллимлик, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган Ўрмонали Қурбоналиев на Жаслиқ, на бошқа қамоқхоналар ҳақида билмасди. У ўзи ишлаган Шириндаги энергетика ва маиший хизмат коллежи талабаларига ўзбек адабиётини ўргатиш, улар қалбида китобга меҳр-муҳаббат уйғотиш учун интилар, ўзбек тили бойликларини уқтириб, она тилини яхши эгаллашга чорларди. Бунинг учун бор билимини, куч-ғайратини сарфларди. У пенсияга чиқаётганда шогирдлари ҳам, ҳамкасблари ҳам малакали, ўз фанини мукаммал биладиган, саводи кучли муаллим кетаётганига афсусланиб қолишганди.

Лекин Жаслиққа жўнатмасларидан аввалроқ унга у қамоқхона ҳақида яхшигина маълумот бериб бўлишди. «Сен кетаётган қамоқхонани "борсакелмас" деб қўйишибди, кўрамиз у дўзахда ҳам қайсарлик қилармикансан?». Бу гапни терговчи қўйиб, милиционер, униси қўйиб, буниси қулоғига қуярди.

– Аслида ҳеч бир бандаси фақат Жаслиққа эмас, энг яхши шароит яратилган турмага ҳам тушмасин. Лекин одам кўникиб борар экан. Жаслиқда яхшигина кутубхона бор экан. Мен кўп вақтимни китоб ўқишга сарфлай бошладим.

Эркин Воҳидов шеърининг кучи

Лекин барибир турма ҳаётига бутунлай аралашмасдан яшаб бўлмайди. Бир куни уч-тўртта нотаниш маҳбус Ўрмонали билан ҳазиллаша бошлашади. Ўзини мазахланаётгандай сезган, ҳазилга ҳазил билан жавоб беришни истамаган Ўрмоналининг негадир шеър ўқигиси келади. У Эркин Воҳидовнинг шеърини ўқийди. Бирпас орага жимлик чўкади. Шунда ўша нотаниш маҳбуслардан келишган қоматли, кўзлари дўстона боқиб турган йигит «Кимнинг шеъри бу?», – деб сўрайди. Ўрмонали унга шеър муаллифини эслатиб қўйгиси келади: «Менинг энг севимли шоирим Эркин Воҳидовнинг шеъри!». У йигит Эркин Воҳидовнинг бошқа шеърларини ҳам ёддан билиш-билмаслигини сўрайди. «Эркин аканинг қайси шеърларини ўқий?». У йигит ўзига дадил қараб турган Ўрмоналига боққанча Эркин Воҳидовдан шеър ўқишга тутинади. У озгина нафас ростлаётганда Ўрмонали у шеърни давом эттиради…

«Маҳбуслар ӯзларини одам дея ҳис қила бошлашди»

– Устимга ёпадиган бирон ёпинчиқ йўқ эди. Ўша куни камерага қайтсам, ўрнимда янги кўрпа пайдо бўлибди. Кейинроқ уни ҳалиги йигит бериб юборганини билдим. У Эркин Воҳидовнинг куёви, машҳур академикнинг ўғли, асли тадбиркор инсон Ҳадятулло экан. У ҳам менга ўхшаб ҳеч бир гуноҳсиз турмага ташланган экан. Каримов даври тугагач, юртда эсган ёқимли шабадалар Жаслиққа ҳам етиб келди. 2017 йил декабр ойи охирларида Ҳадятулло оқланиб, озод этилганини эшитиб, худди ўзим ёруғликка чиққандайин қувондим, – деди Ўрмонали Қурбоналиев.

Фото: BBC Uzbek

Собиқ маҳбуснинг айтишича, Мирзиёев даврида Жаслиқдаги шароит бутунлай ўзгарган. Маҳбуслар ўзларини одам дея ҳис қила бошлашган. Айниқса, назоратчилар, уларнинг буйруқларини бажаришга тайёр айрим маҳбуслар томонидан ҳақоратланган, хўрланган, экстремизмда айбланганлар, бошқача айтганда, диний айбловлар билан қамалганлар. Назоратчиларнинг маҳкумларга, маҳбусларнинг бир-бирларига муносабатлари ўзгарган. Нуқул яхши тарафга.

«Бўлар экан-ку!»

– Биз фақат Жаслиқда эмас, бутун мамлакатда яхши ўзгаришлар бўлаётганини эшитиб хурсанд бўлардик. Озодликдаги одамлар бунга унчалик эътибор бермасликлари мумкин: мен қамоқдалигимда мамлакатда китобга муносабат, одамларнинг китоб ўқишга жалб этилиши, халқимиз орасида қори, қориялар мусобақаси ўтказилишини эшитиб, севинганча икки сўзни такрорлардик: «Бўлар экан-ку!». Энг яхши китобхонга машина, энг кучли қорига машина, қориялардан уч нафарига Каъбатуллоҳни тавоф қилиш учун имконият – текин йўлланма…

Ўрмонали Қурбоналиев бу сўзларни айтар экан, энтикиб олади. Унинг айтишича, Жаслиқда ҳам китоб ўқишга шароит кучайтирилади.

– Жаслиқнинг китобхонаси анчагина бой. Бахтим бор экан, у ерда китобсеварлар жамияти бошлиғи бўлдим. Ана шу нарса менга қўл келди. Хоҳлаган китобимни олиб ўқий олардим. Менинг энг яқин сирдошим, дўстим китоб эканини худо билди... Ўша ердаям менга имконият яратди. Китобхонадаги китобларни бир чеккадан ўқийвердим.

Китоб билан вақт ўтказган яхши. Лекин ҳеч бир айбсиз қамоқхонада умр ўтказиш ҳам ҳар қандай кишига алам қилади. Ўрмонали уйига, фарзандларига юборган хатида янги ёзган шеърларини юборар ва ўзининг айбсизлигини айтарди.

Мирзиёевнинг Каримов давридан фарқли ва адолатли сиёсатини кўраётган Қурбоналиевлар оила бошлиғининг айбсизлигини исботлаш учун тегишли ташкилотларга мурожаат эта бошладилар. Айниқса, Қурбоналиевнинг турмуш ўртоғи Саломат тиниб-тинчимади. «Сиз декабристкасиз», – деди ўша кунларда унга асли кавказлик қўшниси.

Ўрмоналини Жаслиқдан Тоштурмага ўтказишар экан, Саломатда ҳам, фарзандларида ҳам умид кучайди…

Уч йилу ўн кунга чўзилган адолат тантанаси

Фото: Google Map

2018 йил ноябр-декабр ойларида қайта суд бўлди. Тергов, олдинги суд жараёнида Қурбоналиевга асоссиз айблар қўйилгани исботланди. Ёлланган гувоҳлар Ўрмоналига туҳмат қилганларини, унинг қамалиши ташкилотчилари нималарни ўргатишган бўлса, шуларни айтишганини тан олишди. Сохта гувоҳларнинг иккитаси – бир эркак ва бир аёл Ширин шаҳридан, биттаси Бекободдан эди. Аёллардан бири агар Қурбоналиевга қарши гувоҳлик бермаса, МХХ ходимлари иккита ўғлингни ўйла, икковининг ҳам умрини қамоқда чиритамиз дейишганидан сўнг ночор қолганини айтди. Йиғлаб-йиғлаб…

Мамлакат конституциясининг 25 йиллиги арафасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2700 нафар маҳбусни озод этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Ўшанда қилган чиқишида Мирзиёев «кўп-кўп одамларнинг адолатсиз қамалгани» ва ҳануз қамоқда ўтирганини айтганди.

Адолат кеч бўлса ҳам қарор топди. Уч йилу ўн кундан кейин. Қурбоналиев ўзини нега қамашгани сабабини ҳалигача яхши билмайди. Лекин таҳлилчиларнинг айтишларича, у Каримов давридаги Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги совуқ муносабатлар қурбони бўлган.

– Совуқ уруш натижасида оддий одамлар жабрланишди. Улар жосусликда, чегара бузишда, гиёҳванд моддалар ташишда айбландилар. Ўзбекистонда ҳам, Тожикистонда ҳам анчагина одам жосуслик, ватанга хиёнатда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар. Мен Ўрмонали Қурбоналиев ҳам ана шу совуқ урушнинг қурбонларидан бири бўлган деб ҳисоблайман, – деди маҳаллий таҳлилчилардан бири. – Буни унинг аслида қаерда туғилиб-ўсганидан ҳам билса бўлади.

Ўрмонали Қурбоналиев аслида Тожикистоннинг Деваштич (собиқ Ғончи) туманидаги Яхтан қишлоғида дунёга келган. У собиқ Ленинобод давлат педагогика институтини ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси ихтисоси бўйича тугаллаган. У билан бирга ўқиган ҳамсабоқлари, у билан бирга ишлаган ҳамкасблари Қурбоналиевнинг ўз соҳасининг билимдони, ўта саводли мутахассис эканини айтишади.

СССР парчаланиб кетгач, ўтган асрнинг 90-йилларида Қурбоналиев турмуш тақозоси билан Тожикистондан қўшни Ўзбекистонга кўчиб ўтади. Ширин шаҳридаги энергетика ва маиший хизмат коллежида дарс берар экан, ҳамкасблари, ўқувчилари, уларнинг ота-оналари унинг кучли билим эгаси, юқори малакали мутахассис бўлиши билан бирга виждонли, оқкўнгил, ҳалол инсон, меҳрибон дўст эканлигини айтишарди. Айни шу хислатларини яхши билганликлари учун на ҳамкасблари, на Ширин шаҳрида уни таниган-билганларнинг биронтаси Қурбоналиевга қарши гувоҳлик бермади.

Қамоқдан озод бўлиб қайтгач эса пенсия ёшида бўлишига қарамасдан тажрибали муаллимни коллежга ишга таклиф этишди.

– Мен на ҳамкасбларим, на шогирдларимдан биронтасида менга нисбатан зиғирча шубҳа, гумонсираш, ҳадиксираш, ўзини четга тортишни сезмадим. Қайтага ҳаммаси қадрдонларча муносабатда бўлишмоқда. Авваллари қандай бўлса, шундай.

Қурбоналиев шундай дея биз у билан суҳбатлашаётган пайтдан икки соатгина олдин бўлган воқеани айтиб берди:

– Коллежда собиқ ўқувчимни кўриб қолдим. Фамилияси эсимда йўқ, исми Дилдора. Йиғлаганча олдимга чопиб келиб, кўришди. Юзимдан ўпар экан, сизни отамдайин яхши кўраман деди. Йигитлар ҳам уйга кўргани келишди. Шундай лаҳзаларда қирқ йил ўқитувчилик қилганим учун хурсандчилигим ичимга сиғмайди.

«Китоб бировга сотмайди»

Фото: President.uz

Инсон иродасини синдирмоқчи бўладилар. Уни ҳар кўйларга соладилар. Жисман маҳв этишлари ҳам мумкин. Лекин иродали инсон эгилмайди, букилмайди ва синмайди ҳам!

Бу гапларни шогирдларига такрорлашни яхши кўрадиган Ўрмонали Қурбоналиев Жаслиқда иродаси бўшларга ўхшаб ўй-хаёлга берилмади. Қайтага у ердаги имкониятлардан фойдаланди. Бир нечта достон, ўнлаб шеърлар ёзди.

– Энди шу қамоқда ётгандан кейин одам дардини кимгадир айтиши керак-ку. Қамоқда энг яқин сирдош ҳам китоб бўларкан. Дардингизни тинглайдиган, бировга сотмайдиган, айтмайдиган китоб. Кўп китоб ўқирдим. Лекин бу ҳам қаноатлантирмади. Юрагимда кимгадир айтишим керак бўлган дард, фикрлар пайдо бўлди. Мирзиёев шарофати билан қамоқхонада шароит пайдо бўлди, ёзишни бошлаб юбордим. Аввал Спитамен ҳақида, сўнг унинг хотини Одатида ҳақида. Сурхондарёнинг Денов туманидан ҳоким бор эди. Абдусамад ака деган. Бир йил ҳоким бўлиб, қамалиб кетган. Шу одам бир воқеани ҳикоя қилиб берганди. Шу эртак асосида Хитой босқинига алоқадор қилиб, «Сурхон афсонаси» деган достон ёздим. Минг йилдан ҳам олдинги воқеалар… Ҳикмат, ҳасад ҳақида бир-икки нарсалар ёздим.

Шундан кейин турмада ўтирган маҳбус Имом Бухорий ҳақида достон яратади. Тоштурмага кўчиришгандан кейин эса Форобий ҳақида яна бир достон ёзди. «Қаранг, биз ўз тарихимизни яхши билиб бораверсак, кўнглимизда аждодларимиз ҳақида фахр ҳисси пайдо бўларкан. Бир манбада ўқиб қолдим. Форобий олтмиштадан ортиқ тил билар экан. Бундай полиглотлар олдин ҳам, ҳозир ҳам бармоқ билан санарли. Агар Арастуни муаллими аввал дейишган бўлишса, Форобийни муаллими соний дея аташган. Форобийнинг бунчалик улуғ одам эканлигини билгандан кейин уни бошқатдан ўргандим. Фалсафада Кампанелла асарлари қандай ўрганилса, Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» ҳам шундай ўрганилади. Буюк олим замонидан минг йил олдин ўтиб кетган. Ҳозирги замон талаб қиладиган давлатчилик сиёсатини у минг йил олдин кўрсатиб берган экан. Бу нарсаларни ўқиб-билгандан кейин энди Форобий ҳақида ёзмасам туролмаслигимни сездим», – дейди Ўрмонали Қурбоналиев.

Азобли кунлар унутилармикан?

Фото: BBC uzbek

Ўрмонали Қурбоналиев бошига тушган кўргиликни эслашдан кўра Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшилангани ҳақида гапиришни яхши кўради. Виза тартиби бекор қилинганидан буён бориш-келиш бошлангани, икки мамлакат шаҳарлари орасида автобус қатнови йўлга қўйилгани, Тожикистон олий ўқув юртларида ўзбекистонликлар таълим олишаётганини қувониб гапиради.

– Биз Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмондан беҳад миннатдормиз. Шундайгина Бекободдан ўтсак, ярим соатда Яхтанга етиб борамиз. Бир ўғлимиз биз билан Ширинда яшаса, яна бир ўғлимиз ва икки қизимиз Яхтанда яшашади, – дейди Ўрмоналининг аёли Саломат.

– Мен Яхтандаги ободончилик ишларини кўриб, бошим кўкка етди. Мен ўқиган мактаб ҳам таъмирланиб, бутунлай янги, замонавий қиёфа олаяпти, – дейди Ўрмонали. – Ойбекдан ўтиб келар эканман, тожикистонлик ҳайдовчиларнинг машиналарида Тошкентга сайр қилиш учун кетаётганларини кўрдим. Улар Ўзбекистонга машинада ўтиш ҳақи йигирма баравар арзонлашганини айтишди.

– Энди шу фуқаролиги йўқ одамларга ҳам виза йўқ қилинса, яхши бўларди. Мана биз Тожикистонга визасиз бориб-келаяпмиз. Дадаси виза олишга мажбур. Бунинг устига Ойбекдан айланиб келади, – дейди Саломат.