Гулнора Каримованинг манфаатларини ҳимоя қилаётган швейцариялик адвокат Грегуар Манжа 30 майда «Twitter»даги саҳифасида Каримовага тиббий муолажага рухсат берилмаётгани ҳақида ёзган.

Адвокатнинг сўзларига кўра, унинг сўнгги ташрифидан кейин Гулнора Каримова дарҳол қамоқхона тиббий блокидан чиқариб юборилган. Бундан ташқари, «Гулнора Каримованинг шифокорлар билан учрашишига рухсат берилмаяпти ва у доимий психологик босим остида қолмоқда».

Бош прокуратура матбуот хизматининг айтишича, адвокатнинг сўзлари ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Бу асоссиз гап. Шу кунларда "ўзини осибди" деган бошқа гаплар ҳам чиқиб кетди. Шуни қатъий айтишимиз мумкинки, Гулнора Каримованинг соғлиғи қониқарли, у белгиланган жазони ўтамоқда», – деган Бош прокуратура матбуот хизмати.

Гулнора Каримова 5 март куни уй қамоғидан умумий колонияга ўтказилганди. У хориждаги ноқонуний бойликларини мамлакатга қайтаришга фаол қаршилик қилгани айтилган.

  • Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирилган пулларни ҳамда давлатга етказилган зарарни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг эвазига унинг 2017 йилда белгиланган 10 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси 5 йилга озодликни чеклаш жазосига (уй қамоғига) алмаштирилган.
  • Лекин уй қамоғида ўтирган Гулнора Каримова Ўзбекистонга етказилган зарарни қоплашга фаол қаршилик қилган. У шунингдек тураржойни тарк этмаслик, алоқа воситалари ва интернетдан фойдаланмаслик каби чекловларни ҳам бузган.
  • Жазони ўташ даврида суд томонидан белгиланган чекловларни тизимли равишда бузиб, мажбуриятларини бажармай келган.

Гулнора Каримова машмашаси қизи Имон Каримова 5 мартда ўзининг «Instagram»даги саҳифасида онасини прокуратура ходимлари уйидан олиб кетганини айтгандан сўнг яна кўтарилган.

  • Швейцария 2012 йили Женева ва Цюрихдаги банкларда Гулнора Каримовага қарашли экани гумонланаëтган 800 миллион франкни музлатиб қўйган. Швейцария прокуратураси бу пулнинг 686,7 миллионини мусодара қилиш ва Ўзбекистонга қайтариш тўғрисида қарор чиқарган. Бироқ ҳозирча бу пулларни Ўзбекистонга қайтариш муддати аниқ эмас.
  • Гулнора Каримова Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан триллионлаб сўм даромадни солиқдан яширганлик, ўзгаларнинг триллионлаб сўмлик мулкини товламачилик билан тортиб олиш ва қарийб 2 миллиард АҚШ долларини хорижда беркитиш каби жиноятларда айбланмоқда.