Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ўқчи қишлоғида яшовчи Сардор А.нинг фожиали ўлими ҳақидаги хабарлар тарқалди.

  • Ozodlikнинг ёзишича, марҳумга синфдошлари карбид экани гумон қилинаётган кимёвий моддани мажбурлаб юттиришган. Буни марҳумнинг мактабдошлари айтишган.
  • ЎзАнинг иддаосича, Сардор А. ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ҳалок бўлган. Ўзбекистон тумани прокуратурасининг тергов олди текшируви хулосасига кўра марҳум боши оғригани учун уйидаги жавондан номаълум дорини ичган.
  • Бош прокуратура тарқатган хабарда "номаълум дори моддасини бериб, уни Сардор ичиши кераклигини айтган 10-"а" синфида ўқийдиган М. исмли бола" пайдо бўлди.

"Ҳолат юзасидан вояга етмаган С.А.нинг ўзи тушунтиришича, 17-умумтаълим мактабининг 10-"а" синфида ўқийдиган М. исмли бола номаълум дори моддасини бериб ичиши кераклигини айтганлигини ва кейин номаълум дори моддасини яшаш хонадонига келиб ичганини билдириб ўтган", – дейилади Daryo келтирган Бош прокуратуранинг хабарида.

  • Қўшнилар Сардор карбидни ўзи ичганига ишонмаяпти. Улар бу ҳодисани бости-бости қилишга уриниш бўлаётганини айтди.

– Фақат менинг исмимни ёзманг, – деди марҳумнинг қўшниларидан бири. – Ҳозир ҳамма бизнинг қишлоқда: ички ишлар ходимлари, прокуратура, жиноят қидирув бўлимидагилар. Ҳаммаси шу ишни ўрганаяпти. Ростан ҳам бизнинг Ўқчи – боғдорчиликка ихтисослашган қишлоқ. Ёзда олма, ўрик, қулупнай, гилос роса пул бўлади. Шунданми, одамларнинг яшаш шароити ҳам яхши. Кимдир шу бола ҳақида “карбидни ўзи ичган” деяпти, кимдир “унга беш-олтита зўравон бола ичириб қўйган” деяпти. Оилада ягона ўғил эди. Иккита синглиси бор. Ҳақиқатан ҳам унга карбид ичиришган. Зўравонларнинг оталари пулдор кишилар, менимча, ишни “бости-бости” қилиб юборишади. Шунга ҳаммага “Сардор карбидни ўзи ичибди” деган гап тарқатаяпти. Сардор шифохонага тушганидан кейин эртасигаёқ туман халқ таълими бўлими мудири мактабга келиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни йиғиб катта йиғилиш ўтказди. Менинг қизим ҳам ўқитувчи. Уларга бу гап-сўз тарқаб кетмасин, ҳеч кимнинг оғзидан чиқмасин деб айтишибди. Қизимдан аслида нима бўлган экан десам, “фалончиларнинг болалари қилган-да” деб жавоб берди.

Сардорнинг синфдошларидан бири ҳам фақат “билмайман, нима бўлганини билмайман” дейиш билан чекланди. “Ўзи ювош, аълочи, яхши бола эди. Бир қизни севарди. Шеърлар ёзарди, мактаб кутубхонасидаги барча китобларни ўқиб чиққанди”, – деди.

Minbar мухбирининг “Балки севган қизи унинг севгисини рад этгани учун ўз жонига қасд қилгандир?” деган саволига суҳбатдош: “Йўқ, Сардор яхши бола эди, ундай йигитларнинг севгисини ҳеч қайси қиз рад этмайди”, – дея жавоб берган.

Марҳумнинг исмини очиқламаслигимизни сўраган синфдошининг айтишича, Сардор операциядан сўнг гапира олмагани учун синфдошлари унинг ҳолидан хабар олиш учун борганида ўртоқлари берган саволларга жавобни ёзиб берган.

– Кимё фанига жуда қизиқарди, жуда кўп мисол ва масалалар ечарди. Доим қандайдир янгилик қилишга интиларди, – деди яна бир синфдоши. – Унинг шеърлари “Билимдон” журналида жуда кўп чоп этиларди. Биз у билан фахрланардик. Тўғриси, нима бўлганини билмаймиз...

Масалага янада ойдинлик киритиш учун Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафиса Нишонова билан 17-мактабда кўришдик.

– Ўзимиз ҳам ҳали нима бўлганини билмаймиз, – деди Нафиса Нишонова. – Экспертиза хулосалари чиқмаган. 15 февраль куни олти соат дарс ўтган, сўнг уйига кетган. Ота-онаси билан бир километрча узоқроққа кўчиб кетишган эди. Бувисининг уйи мактабга яқин. У ерга ҳам кирган ўша куни. “Мен сиз билан яшайман, узоққа бормайман”, – деган бувисига. 16 февраль куни мен шахсан ўзим мактабга келиб, ўқувчилар билан учрашув ўтказдим. Воқеа қандай бўлганини суриштирдим. Аммо ҳеч ким Сардорбекка зўравонлик қилинганини айтмади. Агар кимдир уни мажбурлаб оғзига карбид солганида кўча-кўйда кимдир кўрарди, бу ҳақда бошқаларга айтган бўларди.

Мактаб директори Абдужаббор Болтабоев бу пайтда меҳнат таътилида бўлган. Айни кунларда мактабга вақтинча Дилшод Исомиддинов директорлик қилмоқда.

– Ўзимиз ҳам ҳайронмиз, ҳамма жойда мактаб ўқувчисига мактабдошлари карбид ичирибди деган гап юрибди. Биз ўқувчиларни маънавий-маърифий тарбиялаш борасида “йўл харитаси” ишлаб чиққанмиз. Ўқувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида иш олиб борамиз. Ҳозир бу иш билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шуғулланмоқда.

“Сардор ақлли бола эди, кимё фанини яхши кўрарди, – дейди исмини очиқламаслигимизни сўраган марҳумнинг дўстларидан бири. – Унинг кимёни била туриб карбид хавфли модда эканлигини билмаслигига ишонмайман.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари мактабнинг кимё лабораториясини тафтиш қилишганида карбид моддаси қоғоздаги рўйхатда бўлган, аммо моддалар ичида топилмаган.