Гап-сўз тез алангаланувчи ижтимоий тармоқлар тарафкашлик учун боп жой бўлиб, калта ўйлашга мойиллигимизни янада кучайтираяпти. Қайсидир вазирнинг айт(ма)ган гапидан тортиб, кимнингдир ёз(ма)ган изоҳигача тезда хулоса чиқариб, ҳукм ўқишимиз учун етарли бўлиб қолган.

Ижтимоий тармоқлар гигиенаси нима учун муҳим: одамлар табиатан тезда фараз қилишга мойилдир. Лекин бу мойиллик деб кундан-кунга мураккаблашиб бораётган дунёга тезда муносабат билдириш зарурати сабабли борган сари кўпроқ хато қилаяпмиз. Хато хулосалар чиқараяпмиз. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ижтимоий тармоқлар бизнинг хулоса чиқаришда шошқалоқлигимизни янада кучайтириб, чала маълумотларга ишониб қолиш, нозик масалаларда меъёрни билмаслик, мафкуравий масалаларда мутаассиблашишимизга сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, ўтган ой ижтимоий тармоқларда аланга олган мавзулардан бири Наргиза Рахимованинг ёзган изоҳи бўлди:

  • Мунозара контекстидан юлиб олинган унинг изоҳи одамларнинг Наргиза Раҳимова ҳақида узил-кесил хулоса чиқаришига етарли бўлди.
  • Одамлар хулоса чиқариш билан чекланмай, ўз хулосаларини фаол тарқата бошлашди.
  • Битта хато хулосани қанча кўп одам такрорласа, унинг эмоционал кучи ҳам шунча кучайиб, кўпчиликка бу оддий ҳақиқатдек кўрина бошлади.
  • Наргиза Раҳимованинг ўша ёзган изоҳи мутлақо бошқа маънодалиги ҳақида тушунтириш берилган бошқа гаплар ҳам айтилди. Аммо одамлар биринчи эшитган узуқ-юлуқ гапларидан хулоса чиқариб бўлишганди. Чунки бу уларнинг ҳукумат амалдорлари ҳақида аллақачон шаклланган тасаввурларига мос тушган эди.
  • Аксар одамлар аслида нима гаплигини чуқур текшириб ҳам ўтирмаслиги кўриниб қолди.

Салбий ахборот одатда текширилмай қабул қилинади, ишонилади ва тарқатилади. Буни ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган қизғин баҳслар, мишмишлардан ҳам кўрса бўлади.

Мишмишларнинг кўпи бирор шахс, иш, воқеа ҳақидаги салбий ахборотдан иборат. Ижобий ахборот деярли тарқалмайди, янгилик деб кўрилмайди. Ваҳоланки, ижобий ўзгаришлар кам бўладиган жамиятда салбий ўзгариш ҳақидаги хабар янгилик ҳисобланмаслиги керак.

Тарафкашлик ўйинлари

Одамлар мураккаб таҳлилларни ўқимайди. Улар кўпроқ қисқа хулосаларни ўқиш билан чекланади. Шунда ҳам ҳар кимнинг эмас, ўзига ўхшаган, ўзи танийдиган, ҳаммаслак бирор одамнинг айтган гапига асосланади.

  • Ўз қабиласидаги инсоннинг ёлғони бегона қабилага мансуб инсоннинг ростидан ростроқ бўлиб кўринади. Оқибатда тарафкашлик пайдо бўлади. Масалан кимнингдир тарафдорлари ва мухолифлари.
  • Сизнинг тарафдор ёки қарши бўлишингиз сизга яқин одамларнинг бу борадаги қарашларига боғлиқ. Ижтимоий тармоқлар бу масалада энг яхши замин яратиб беради.

Ижтимоий тармоқлар бизга исталган шахс ёки постни эмас, балки ўзимизга ёқадиган, биз билан ҳаммаслак бўлганларни тақдим этади. Биз ўзимизга ўхшаганлар билан бир қобиқда ўралашиб қоламиз.

“Ижтимоий медиадаги алгоритмлар одамларни энг кўп ўзига жалб қиладиган контентни саралаб олади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ҳиссий таъсирли контентлар, масалан, ахлоқий туйғуларни, дейлик, ғазабни қўзғайдиган ахборотлар кўпроқ улашилади, тарқатилади. Бу шуни англатадики, тармоқларда ўқийдиганимиз маълумотлар жаҳлимизни чиқариши эҳтимоли жуда катта”, – дейди Йел университетининг психология прфессори Молли Крокер.