15 июлда Тошкентда собиқ бош прокурор ва ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев устидан суд жараёни бошланган. "Фергана" ва Узметроном хабарига кўра, ишда ўта махфий маълумотлар борлиги учун ҳарбий судда ёпиқ тарзда кўрилаяпти.

Жами 24 киши судланмоқда, шуларнинг ярми тергов изоляторидан судга олиб келинган бўлса, қолганлари гаров ва манзилини тарк этмаслик ҳақидаги тилхат асосида очиқда қолган.

Суд Умид Шокиров раислигида ўтмоқда. ОАВ Ихтиёр Абдуллаев адвокат хизматидан воз кечганини, ишда фақат давлат адвокатлари иштирок этиши ҳақида хабар бермоқда.

Ихтиёр Абдуллаев 2019 йил февралида ўз хоҳишига кўра ДХХ раислигидан кетган эди. Дастлабки хабарларда унинг ишдан кетишига кейинги бир йил давомида бўйин ва бел умуртқа поғонасида икки марта оғир жарроҳлик амалиётини ўтказгани, шунингдек, кўзи ҳам операция қилингани сабаб қилиб кўрсатилган.

Июнда эса Ихтиёр Абдуллаевга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура вакилларининг маълумотига кўра, Абдуллаев ва яна ўнга яқин бошқа мансабдорга мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар юзасидан иш қўзғатилган.

21 июнда Олий Мажлис Сенатида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев "Абдуллаеви ҳам, бошқаси ҳам катта срок олади ҳали", деган эди.