Исроилнинг “Берешит” космик кемаси Ойга қўнолмади.

Етти ҳафталик парвоздан сўнг Ойга етиб борган аппаратнинг мотори ўчиб қолиб, Ойга 15 км қолганда қулаб тушган. Бу лойиҳага хусусий инвесторлар 100 млн АҚШ доллари тиккан эди.

“Берешит” муваффақиятли қўнганда, Исроил Ойга кема қўндирган тўртинчи давлат бўлиши мумкин эди. Фақат уч давлат – СССР (Луна-9, 1966), АҚШ (Аполлон-11, 1969) ва Хитой (Чанъэ-4, 2019) Ойга космик кемасини муваффақиятли қўндира олган.

Кемани Ойга учиришдан мақсад нима эди?

  • Ой сиртининг юқори сифатли фотосуратларини олиш. Жумладан, кема ўзини ўзи ҳам суратга олиши керак эди. У икки марта селфи олишга улгурган. Биринчисида орқада Ер сайёраси, иккинчисида Ой турибди.
  • Ойнинг “Тиниқ денгиз” деб номланган ҳудудига қўниш ва унинг магнит майдонини ўлчаш. Бу Ойнинг қандай пайдо бўлгани ва геологиясини чуқурроқ ўрганиш имконини берарди.
  • Кемада НАСАдан олинган махсус акслантирувчи қурилмалар ҳам бўлиб, Ер ва Ой ўртасидаги масофани юқори аниқликда ўлчаши керак эди.
"Берешит"нинг сўнгги селфиси.

“Берешит” лойиҳаси бошқа шу каби миссияларга нисбатан камхарж ҳисобланади.

Ойга кема қўндириш бўйича аввал ҳам шундай камхарж лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракатлар бўлган.

2007 йили Гоогле ва Х Призе жамғармаси Гоогле Лунар Х Призе мукофотини жорий қилишган эди.

2018 йилгача Ойга кема қўндира олган нодавлат ташкилотларга 20 млн долларлик мукофот берилиши лозим эди. Шарти – лойиҳа камхарж бўлиши ва нодавлат ташкилотлар томонидан амалга оширилиши керак бўлган. Аммо ҳеч ким бу ишни амалга ошира олмаган.

“Берешит” лойиҳаси Гоогле Лунар Х Призе талабига жавоб берса-да, муддати ўтиб кетган.