Капитал қурилиш ва олий таълим тизимини «коррупциясиз соҳа»га айлантиришмоқчи. Энг коррупциялашган ҳисобланадиган бу соҳаларда 1 августдан бошлаб тажриба тариқасида тўрачилик ва қоғозбозлик билан боғлиқ тўсиқларни бартараф этиш, қонунийликни мустаҳкамлаш каби барча жараёнларни адолатли ва шаффоф қилиш назарда тутилган.

Бу ҳақда 15 июнда Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида маълум қилинган.

Коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, коррупцияга олиб келадиган сабаб ва шароитни йўқ қилиш мақсадида:

  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва давлат идораларининг тегишли бўлинмалари томонидан бевосита аниқланадиган, яъни фақат уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида фош этилиши мумкин бўлган жиноятларни, шу жумладан, мансаб билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади;
  • ҳар бир давлат идораси соҳадаги тегишли хавф-хатарларни инобатга олиб, ўзининг идоравий дастурини ишлаб чиқади;
  • давлат органлари ва ташкилотлари идоравий чора-тадбирларни амалга ошириш устидан ички назорат механизмларини кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички комиссиялар ишини фаоллаштирилади, бунинг учун шахсан раҳбар жавобгар бўлади.

Коррупциянинг жамиятга таъсири: коррупция жамиятни турли йўллар билан ўз исканжасига оладиган, демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказадиган, инсон ҳуқуқлари бузилишига, бозорлар фаолиятининг издан чиқишига олиб келадиган ва шу тариқа тараққиётни ортга сурадиган иллат ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё иқтисодиёти коррупция иллатидан 2,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида зарар кўради. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади.

Ҳозиргача коррупцияга қарши нима қилинган:

  • 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига ҳамда 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул режасига қўшилди.
  • 2017 йилда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
  • 2019 йилда Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган қўмиталар ташкил этилган.
  • 2019 – 2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури ва Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган.