Президент Шавкат Мирзиёев 1-чорак якунлари бўйича ўтказилган видеоселекторда бюджетга тушумлар прогнози бажарилмаганини кескин танқид қилди.

Ўзи нима гап: Президент матбуот хизматининг тарқатган хабарига кўра, бюджетга тушумлар прогнози 9 туман ва шаҳарда, хусусан Тошкент шаҳрининг ўн битта туманидан еттитасида бажарилмаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод қилинди. Бундай ҳолатлар вилоятларда ҳам қайд этилган.

Бу нега муҳим: президент нутқида кўзга ташланадиган биринчи нарса бюджетга солиқ тушумлари режаси бажарилгани билан (ДСҚнинг маълумотига кўра жорий йилнинг биринчи чорагида бюджетга ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,7 баробар кўп тушум тушган) президентнинг бюджетга тушумлардан хавотири орасидаги тафовутдир, деб ҳисоблайди иқтисодчи Юлий Юсупов.

Бу хавотирга сабаблар бор. Кўпгина тадбиркорларнинг айтишича, улардан солиқларни аввалдан, аванс сифатида тўлаб қўйишни “илтимос қилишган”. Демак, солиқ тушумлари билан боғлиқ муаммолар келажакка қолдирилди, холос.

Ундан ташқари, президентнинг ўзи айтганидек, солиқлар, хусусан қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг самарали ва содда механизмлари яхши ташкил этилмагани сабабли тадбиркорлар солиқ ҳисоблашда қийналган.

  • Янги тизимга ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси солиқ ҳисоботларини топшира олмаган.

"Бу муаммолар пайдо бўлишини олдиндан кўрса бўларди, – дейди иқтисодчи. – Булар солиқ ислоҳотини амалга оширишда йўл қўйилган қатор камчилик ва хатолар билан боғлиқ:

  • ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 12 фоизга туширишни хоҳламаслик. Мен бу солиқ ислоҳотини амалга ошираётган ҳукуматнинг энг катта хатоси бўлиши мумкин деб огоҳлантирган эдим. Айнан 12 фоиз ставка кўплаб кичик корхоналарга солиққа тортишнинг умумий тартибига оғриқларсиз ўтиш имкониятини берар эди. 20 фоиз қолганидан кўпчилик ютқазади. Солиқ ислоҳотини қабул қилмаслик ва солиқдан қочиш орзуси мана шундандир.
  • ҚҚС ставкасини пасайтириш ўрнига соддалаштирилган ҚҚС тизими жорий қилинмоқда. Менимча, бу солиқ ислоҳотини амалга ошириш жараёнини секинлаштиради ва қийинлаштиради, чунки бу солиқни тўлашда тўлақонли ҳисобга олиш имкониятини бермайди.
  • Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича ҚҚСнинг ҳисобга олиниши муаммосининг ечим топмагани – солиқ ислоҳоти учун хавфли бўлган яна бир (ҚҚСнинг 20 фоиз қилиб белгиланиши билан бир қаторда) муаммодир.
  • Божхона ислоҳотининг концепциясига зид ўлароқ, божхона тўловлари кескин қисқармади. Ҳаттоки лобби кучлари таъсирида баъзи тўловлар оширилди ҳам.
  • Солиқ ислоҳотининг энг муҳим параметрлари ҳақида декабрнинг охиригача, баъзилари бўйича ҳаттоки январгача ҳеч қандай маълумот берилмаган. Натижада ишбилармонлар янги тизимга мослашишга ҳали улгурмади.

"Умид қиламизки, бу ерда келтирилган аксарият муаммолар Солиқ кодексининг янги таҳририда ўз ечимини топади", – дея хулоса қилади Юлий Юсупов.