Қирғизистоннинг амалдаги президенти Сооронбай Жээнбеков билан собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ўртасидаги ихтилоф куч ишлатиш фазасига кирди.

Ҳукуматнинг махсус кучлари 7 август куни собиқ президентнинг Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳига ҳужум уюштирди, лекин Атамбоевни қўлга ололмади.

Собиқ президентнинг сафдошлари билан ҳукумат кучлари тўқнашувида 42 киши жабрланган, махсус хизматларнинг бир жангчиси ўқ еб ўлган. Ҳозир олтита "спецназчи"ни Атамбоевнинг сафдошлари гаровда ушлаб турибди.

Вазият таранглигича қолмоқда. Жээнбеков бир ҳафталик таътилини тўхтатиб, Бишкекка қайтган ва 8 август куни эрталаб хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказмоқда.

Амалдаги ва собиқ президент ўртасидаги низо тарихи: икки йил олдин Сооронбай Жээнбеков Алмазбек Атамбоевнинг қўллови билан унинг ўрнига президент этиб сайланган.

Ўшанда сайловда Жээнбеков ғолиб чиқиши учун Атамбоев президентликка муқобил номзод билан учрашган қўшни Қозоғистоннинг президенти Назарбоев шаънига ҳар хил аччиқ-тиззиқ гапларни гапирган эди.

Бироқ Сооронбай Жээнбеков бунинг қадрига етмади ва сайловдан сўнг дарҳол Қозоғистон президенти билан учрашиш ва ўтмишдошининг қилиғи учун узр сўрашга шошилди.

Кейин эса Жээнбеков Атамбоевнинг тарафдорларини бирма-бир ишдан олиб, баъзиларига нисбатан коррупция айблови билан жиноят иши очиб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлай бошлади.

Июн ойида Жогорку кенеш (парламент) Атамбоевни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилди, шундан сўнг собиқ президентнинг сафдошлари унинг Қўйтош қишлоғидаги қароргоҳида «халқ штаби»ни тузишди.

  • ИИВ Атамбоевни "вор в законе" Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши ва мамлакатдан чиқиб кетишига шахсан кўмаклашганликда айбламоқда ва сўроқ қилиш учун уни уч марта чақирди. Аммо Алмазбек Атамбоев фақат ОАВ орқали гувоҳлик беришини айтиб, тергов билан ҳамкорлик қилишдан қатъиян бош тортган.

Амалдаги ва собиқ президентлар ўртасидаги низога Владимир Путин даллоллик қилишга уринди, лекин унинг ҳам ҳаракатлари зое кетди. Аксарият қирғизлар Россиянинг даллоллик қилишини, Атамбоев Владимир Путиндан ёрдам сўраб Москвага борганини, Жээнбеков уни рус ҳарбий базасидан чиқариб юборганини миллий мустақилликка хиёнат деб баҳолади.

  • Қирғиз сиёсатчилари икки президентдан улар ўртасидаги шахсий низо миллий низога айланиб кетишига йўл қўймасликни талаб қилаяпти.
  • Атамбоев Қирғизистон тарихида илк бор ўз ваколатини ихтиёрий (2017 йилда) топширган президент ҳисобланади. Асқар Акаевнинг ҳокимияти 2005 йилда инқилоб билан тугаган, Қурманбек Бакиевни ҳам 2010 йилда ағдаришган. Фақатгина "муваққат президент" Роза Отунбаева бир йил мамлакатни бошқариб, 2011 йилда Атамбоевга ҳокимиятни топширган.