Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан бери ўзига аталган бир неча шеърларни ўқиган чиқар, балки унга аталган қўшиқлар ҳам қулоғига чалингандир.

Бу мақтов, олқишлар ва мадҳларни яқин кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган бир шеър, лоф бўлса ҳам, "эзиб" қўйди.

Аслида адабиёт ё санъат қолипларига солинса президент Мирзиёев ёки марҳум Каримовга аталган шеърлару қўшиқларнинг қадри...

Аммо нишонлик опахоннинг шеъри бир мухлис таъбирича, ҳозиргача ёзилган бағишлову мадҳияларни "жиртиб тайлади".

Мана ўша шеър:

Халқ ғамини ўйлаб турған
Уйингиздан ойланай.
Спортивкалар бир жорашқан
Бўйингиздан ойланай.

Қўлингиздаги капкирни берингдагин келинга
Бизнинг Нишон туманига бир қидириб келинг-да.
Умидадан сариқ такси миниб келинг, оғажон.
Қарши грэс йўлларидан юриб келинг, оғажон,
Ғадир-будир жўлимизни кўриб келинг, оғажон.

Фақатгина келганингиз ҳоким бова билмасин.
Жўлингизга гуллар экиб, байроқларди илмасин.
Бюджетчилар чиқиб супур-сидир қилмасин.
Шу иссиқда жўл четида оворалар бўлмасин.

Ёнингизда шерик бўлиб сеҳргарлар юрмасин.
Ўтга эмас бўтга деб, сизни жўлдан урмасин.
Ҳа, ойтқандай вертолётдан туриб бизга қораманг.
Чарчаб қолган асабимиз вертушкадан тораманг.

Нуристон бор бу чўлларда пешонаси терлаган.
Неча йиллар интиқ қилиб бирор подшо келмаган.
Одамлари замонавий советский қишлоқмиз.
Криловнинг эртагидан тушиб қолган пишлоқмиз.

Мода бўлган татуажлар момода бор, қизда бор.
Ўрта Осиёда битта ИЭС деган бизда бор.

Нега сизни таклиф қилдим?
Муаммо бор, оғажон.
Алмисоқдан қолган бизда биттагина боғча бор.

Деворлари кўнаб қолган айвончаси жуда тор.
Болангни қўяй десанг минг биринчи навбат ол.
Ҳоким бова муаммонг ҳал, қабулимдан қоч дейди.
Банкдан кредит ола солиб уйдан боғча оч дейди.
СССРдинг коттежида боғча очиб бўлама?
Давлат боғча қуриб берса касод бўлиб қолама?

Майли, биздинг Нуристонга турк актёри келмасин,
Калтафаҳм бирор аёл орқасидан жилмасин.
Майли, биздинг улларимиз Дубайларга учмасин,
Майли, биздинг куёвларди Ҳабиб келиб қучмасин.

Мен ҳам ёзған шеърим учун таъмагирлик қилмайман,
Боз устига мошинани ҳайдашни ҳам билмайман.
Фақатгина болажонлар боғчаларда ўйнасин,
Чўлимиздинг иссиғида кўча санғиб журмасин.

Эҳ, эркинликка зўр ишониб,
ойтиб қўйдим шеъримди,
Эсэнбэлар чоқиртириб,
қўрққизмасда эримди.

BBC Uzbek ўз ижтимоий тармоқларида бу шеърни баҳам кўриши билан юзлаб изоҳлар остида қолди.

Айрим изоҳлар

Мериэм Хабибуллох:

– Эх оккунгил шоира синглим-а. Дардингизни ёзганингизни узингиздек халк укийди. Бир амалга минганлар маьрифатли булиб, шеър укий билсалар, бу кунларга колармидингиз.

Рахмон Хожимурадов:

– Менда битта аник таклиф бор. Жаноба МАЛИКА МАЙЯ хохлаган банкингиздан х/р очсангиз шеърингизга тан берганлар ва муаммонгизни хал булишига хайрихохлар химмати, ихтиерига караб бахоли кудрат то президент боргунча пул ташлаб турсак. Мобода юртбошимиз бораман дегунча битта замонавий богчанинг курилишига етарли маблаг тупланса. Шарт! Кемасангиз хам булади, иш битди, богча курилди "Президент огажон" деб минатдорлик шеърини езардингиз, иншоллох. Президентнинг иши куп вакт тополмаслиги мумкин. Шунда долзарб хакконий шеърингизнинг хакикий иштимойи куч кудратини курардик. Мен Нишон ва нишонликларни, мард Кашкадаре халкни, юртдошларимизни яхши биламан, улар караб утиришмайди. Бу шеърнинг, адабиетнинг куч кудратини намойиш этиш имконияти кулдан бой бермайлик.

Мавлюда Асатуллаева:

– Рахмон Хожимурадов, Майли очишсин х/р кулимиздан келганча ёрдам килайлик.

Sukhrob Makhmudov:

– Хамма жойда таркалса точно президентгача етиб боради. Ва уша кишлокда Богча сити курилади...Юракни тилка пора килди узиям... Тасанно 👏👏👏

Адолатхон Бобоева:

– Оддий халкнинг ичида канака талантларимиз бор-а! Яшанг!

Hamidullo Kodirov:

– Халкни дардини битибсизку ОПАМ👍👍👍👍👍👍

Миролим Исажонов:

– Шеьрда кишлок дардини акс эттирибди. Ишкилиб хозир шоира опамиз уйидамикин🤔🤔🤔

Нодира Хамраева:

– Офарин! Кичкина шеьрга шунча муаммони Зур килиб жойлабсиз!!!!

Ростан ҳам битта шеърга муаммоларнинг деярли барчаси сиғдирилган.

Таниқли журналистлардан бири Сардор Салим ҳам бу шеърнинг муваффақиятига айнан "халқ дардини айтгани сабаб бўлган" дейди.

Аммо шеър ёқмаганлар ҳам бор. Топдик. Ҳозирча биттагина.

Muxiddinov Xayriddin:

– Бу яхши иш емас, кир кидириш, ман пахта куймок ниятим йок , яхши гумонда булайлик, душманлага айбимизни курсатмилик, нима президентни нияти йомонми, йелкадош булиш кере утирволиб гийбат килиб маза килиш осон, ертага яхши булиш учун харакат килишимиз кере...

Бу шеър нимани ўзгартирди?

Содда, шевада ёзилган ва ўқилган биргина бу шеър том маънода миллионлаб одамларга лаҳзалар ичида етиб боргани тайин.

Муаллиф тилга олган муаммоларни ечиш учун балки бунақа шеърлардан ҳали ўнлаб, юзлаб ёзилиши керакдир...

Аммо ...миллионлаб мухлислар очиқчасига қарсак чала бошлади.

Бу гал шоирага аталган қарсакларнинг телевизорда кўрсатиладиган қарсаклардан фарқи бор эди.

Фарқ шуки, миллионлаб мухлислар бу гал "каттаконлар"ни нишонга олган ўзбек аёлини ҳақ сўзи учун олқишлаётгандилар.

Қарсаклар давом этмоқда.