Халқ таълим вазирлиги келажак маданий элитасини парваришлаш мақсадида "ижод мактаблари"ни ислоҳ қилмоқчи.

Республикадаги олтита ижод мактабининг фаолияти такомиллаштирилади:

  • атоқли адиблар номи билан аталган, айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларни иловага мувофиқ қайта ташкил этган ҳолда расман “ижод мактаби” мақоми берилади;
  • ёзувчи ва шоирлар болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантиришга йўналтирилган фанлардан дарс ўтади, ҳар бир мактабга 10 тадан таниқли шоир, ёзувчи ва адабиётшунос бириктирилади.
  • 10-11-синфларида аъло баҳоларга ўқиётган ўқувчилар орасида Давлат тест маркази имтиҳон ўтказади. Энг кўп балл тўплаган ўттиз фоиз ўқувчига университетларга кириш имтиҳонларида она тили ва адабиёт (қорақалпоқ тили ва адабиёти) фанидан максимал балл берилади.
  • Маданият ва санъат арбоблари мактабда ижодий учрашувлар, маҳорат сабоқларини ўтказади.
  • Болалар, мактабнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, алоҳида ўқув режаси асосида таълим олади.
  • Синфлардаги ўқувчилар сони 25-30 тадан ошмайди, педагоглар қўшимча рағбатлантирилади, мактаб тез интернет ва электрон таълим миллий тармоғига уланади, мактаб кутубхоналари муносиб жиҳозланади.

Ҳозирги кунда жами олтита ижод мактаби бор:

  • Наманган вилоятида Исҳоқхон Ибрат,
  • Жиззах вилоятида Ҳамид Олимжон ва Зулфия,
  • Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов,
  • Қашқадарё вилоятида Абдулла Орипов,
  • Фарғона вилоятида Эркин Воҳидов,
  • Андижон вилоятида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт ҳамда чет тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар.

2019/2020-ўқув йилидан Хива шаҳрида Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаблари иш бошлайди.

Ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси 23 июл кунига қадар давом этади, унга ўз таклиф-мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.