“Ижод” фонди директори Шерзод Ирзоев “Солиқ плюс” газетаси мухбирига ўзбек тилидаги адабий контентни кўпайтириш учун фонд қандай ишларни бажараётгани ҳақида интервью берган. Ирзоев таш­кил этилганига 10 йил бўлган Ижод фонди томонидан “ўн йил давоми­да бажарилган ишларни бирма-бир санаб ўтиш учун жуда кўп саҳифа­ларни тўлдириш керак бўлишини” айтган.

“Ўтган ўн йил давомида 72 нафар ёш ижодкорларнинг “Бирин­чи китобим” лойиҳасида 1 480,0 минг нусхада, 3 та ёшлар баёзи тўплами 60 минг нусхада чоп этилди. Байрамлар арафасида адабиёти­миз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаёт­ган уюшма аъзоларига ҳамда Ўзбекистон ада­биёти ва санъати риво­жи йўлида хизмат қилиб, катта маънавий мерос қолдирган марҳум адиб­ларнинг оилаларига мун­тазам равишда моддий ёрдам ажратилмоқда. “Ижод” жамоат фонди томонидан бажарилган ишларнинг ҳаммасини санаб ўтиш учун образ­ли айтганда “етти кечаю етти кундуз” вақт керак бўлади”, деган фонд директори.

Ирзоев, шунингдек, Ёзувчилар уюшмасида бўладиган тадбирларнинг ташкилий-иқти­содий харажатларини ҳам у раҳбарлик қилаётган фонд қоплашини айтган. Бундан ташқари, Алишер Навоий асар­ларининг 10 жилдлиги, Навоий ғазалларининг рус, инглиз, тожик тилла­ридаги нашрлари, Абдураҳмон Жомийнинг “Муҳаббат маҳзани” девони ўзбек тили­да, “Бобурнома” немис тилида, Абдулла Қоди­рийнинг “Ўткан кунлар” романи инглиз, тожик тилларида нашр этилиши ҳам фонд маблағлари ҳисобидан бўлган.

Журналист 2018 йил шоир Рауф Парфининг 75 йиллиги муносабати билан ташкил этил­моқчи бўлган тадбир номаълум сабабларга кўра қолдирилганига изоҳ сўраган.

“Фондга юклатилган вазифалар қаторида ўзбек адабиётида кат­та мактаб яратган устоз ижодкорларнинг юбилей саналарини республика миқёсида юксак савияда ўтказишга боғлиқ харажатларни мунтазам ра­вишда молиялаштириб келмоқда. Лекин фонд ижодкорларнинг ижодий кечаларини ўтказиш ёки ўтказмасликни белгилаш ваколатига эга эмас. Тўғрироғи ижодий масалаларнинг молиявий то­монигина “Ижод” жамоат фондига кўпроқ дахлдор ҳисобланади”, деган фонд директори.

Ирзоев интернетда ўз­бек адабиёти контен­ти етарли эмас, баъзи шахсий сайтлардан ташқари доимий ишлайдиган адабий сайтлар йўқлиги хусусида ҳам фикр билдирган.

“Ўзбекистон Ёзувчи­лар уюшмасининг “Badiiy adabiyot” номли сайти бор. Медиа-марказ хо­димлари ушбу сайтни юритади. Келажакда бу борадаги режаларимиз кўп. Истиқболли ижодий лойиҳалар, албатта, мо­лиялаштирилади”, деган фонд директори. Лекин бу номда сайт мавжуд эмас.

Ирзоев дунёда машҳур бўлган бадиий асар­ларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши, таржимонлар­ни молиялаштириш, масаласига ҳам тўхталган:

“Ижод” жамоат фон­ди бу – жамғарма, маъ­лум миқдорда жамға­рилган маблағларнинг захираси дегани. Фонд тавсия қилинган лойиҳаларни “Ижод” жа­моат фонди Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган сарф-ха­ражатлар сметаси дои­расида молиялаштира­ди. Таржима асарларни албатта молиялаштира­миз. Мана, “Рус адаби­ёти дурдоналари” лойиҳасида 100 жилдлик асарлар нашрга тайёрланмоқда. Бу лойиҳани амалга оширишда “Ижод” жамоат фонди ҳам ўз ҳиссасини қўша­ди, албатта. Яқиндаги­на Беларусь ёзувчиси Алесь Карлюкевичнинг болаларга бағишлан­ган “Шубуршун ва унинг дўстлари” номли китоби ўзбек тилига таржи­ма қилиниб, нашрдан чиқарилди”.

Эслатиб ўтамиз, республикадаги барча нашриёт ва матбаа корхоналари ҳар ой даромадларидан 1 фоизини Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” фондига ўтказади.