IELTS, TOEFL ва бошқа бир қатор халқаро сертификатларга эга абитуриентлар университетга қабул қилишда чет тили имтиҳонларидан озод қилинади.

Бу ҳақда Давлат тест маркази Чет тилларини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов "Minbar"га маълум қилди.

IELTS каби халқаро сертификатлар ҳам имтиёзли сертификатлар қаторига киритилади. Бу ҳақдаги ҳукумат қарори яқин вақтлар ичида имзоланиши кутилаяпти", – деди Сардор Ражабов.

2018 йил декабрда муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, IELTS, TOEFL (инглиз тили), DELF (француз тили), Goethe-Zertifikat (немис тили) каби халқаро сертификатга эга абитуриентларга шу фандан белгиланган максимал балл берилиб, тестдан озод этилади.

Масалан, агар инглиз тили биринчи фан сифатида киритилган бакалавриат йўналишларига ҳужжат топширган бўлса:

  • International English Learning Testing System (IELTS 5.5) ва ундан юқори,
  • Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72) ва ундан юқори,
  • Cambridge Assessment English FCE ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Инглиз тили биринчи фан бўлмаган бошқа бакалавриат йўналишларида:

  • International English Learning Testing System (IELTS 4.5),
  • Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 42) ва ундан юқори,
  • Cambridge Assessment English PET, B1 ва ундан юқори кўрсаткичларга эга бўлишлари керак.

Магистратура йўналишларида ҳам шундай тартиб жорий этилади.

Бу нафақат инглиз тилига, балки немис, француз, испан, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тилларига ҳам тааллуқли.