Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққул билан Тошкент шаҳридаги Book.uz савдо мажмуасида бўлиб ўтган ижодий учрашувда Minbar мухбири ҳам иштирок этди. Олим суҳбат давомида жамиятнинг бугунги манзараси ҳақидаги фикрларини айтди.

Иброҳим Ҳаққул жамиятдаги сохталиклар ҳақида гапираркан, “Бизда яккалатиш механизми жуда кучли ишланган. Шу механизм туфайли кўп ёшларнинг руҳи синди. Минбарларда эса “ватанни ундай севиш керак, ватанни бундай севиш керак, ватанга мана бундай хизмат қилиш керак” деб ҳайқирадиган, “кнопкаси”ни боссангиз “ватан” дейдиган одамлар пайдо бўлди”, – деди.

Иброҳим Ҳаққул бугунги кунда урф бўлган “инновация” тушунчасига муносабатини ҳам очиқлади: “Кейинги пайтда “инновация” деган сўз кўп ишлатилаяпти. Инновация дегани янги одамни яратмаса бунақа янгиликнинг кимга кераги бор? Ўзини интеллектуал деб ҳисоблайдиган янги авлод пайдо бўлди. Уч-тўрт тилни билади, лекин ичи бўм-бўш. Эътиқоднинг аҳволи чатоқ. Ватан, миллат, буюк келажак, эзгулик ҳақида гапириладиган умумий гаплар ёшларнинг энсасини қотирадиган бўлди. Телевизордан тинмай гапирилаётган бу шаблон гапларга улар эътибор бермай қўйишган. Бу тўхтатилмаса ёшларни ўзимиздан янада узоқлаштирамиз, уларни кўпроқ бой берган бўламиз. Уларни фикрлашга қўйиб бериш керак, ёшлигини яшнаб яшасин, уларнинг ёш фикри бизни завқлантирсин. Уларнинг журъатига дахл қилмаслик керак. Журъатли, тўғрисўз одам жазо олади, таъқиб қилинади деган фикр унинг бошида бўлса икки дунёда ҳам ҳеч нарса қилмайди”.

Адабиётшунос жамиятдаги мунтазам турланадиган тоифани “тўрт қиёфали одамлар” деб атади: “Совет даврида бир тоифа бор эди. Улар коммунизмга ниҳоятда содиқ бўлишган. Мустақилликдан кейин бу тоифа қарадики, мустақиллик байроғини кўтариш керак, шу билан улар иккинчи қиёфага ўтди. Кейин кўришдики, раҳбарни мақтаб туриш керак экан ва булар учинчи қиёфага ўтишди, тинимсиз мақтовлар, чалинган қарсаклар. Сўнгги икки йил ичида эса бу тоифа янги қиёфасини кўрсатди. Булар ҳозир тўртинчи қиёфасида юрибди. Бундай одамларга умуман ишонмаслик керак. Булар Шавкат Мирзиёевга ҳам вафо қилмайди”.

Шунингдек, адабиётшунос ҳақиқатни гапириш деган тушунча ҳам нотўғри талқин қилинишини айтди: “Ҳақиқатни айтиш керак” деган тушунча бизда жуда саёз англанади. Ё бўралаб танқид қилиш, ё бетгачопарлик деб тушунишади, ёки буткул инкор қилиш деб тушунишади. Аслида ҳақиқатни айтиш жуда катта билимга эга бўлиш, чуқур мушоҳада қилишни талаб этади. Ҳақиқатни тўғри англаш малакаси бўлмаса, ҳар қандай гап одамлар орасида ихтилоф пайдо қилади”.

“Мен ёшлар билан кўп учрашаман, суҳбатлашаман, шунда керакли гапларни айтаётганда “ҳозирги ёшлар ўқимайди, билим олишга қизиқмайди” деган гаплар мутлақо ёлғон эканига ишонаман. Уларга тўғри гапни айтиш керак, фақат рост гапириш шарт. “У жамоа билан қандай боғланса бўлади, бу жамоа билан қандай боғланса бўлади”, муҳими боғланиш нуқталарини билиш лозим. То миллат бўлиб шакллангунча, шу ришта ватанга бориб боғланмагунча “урра-урра” қилмаслик керак. Ёшларни қояма-қоя олиб чиқиш керак, ўша савияда ўқитиш керак, ўша даражада фикрлатиш керак. Бизда эса бундай тизим йўқ”, – дейди олим.