Uzcard банклараро тўлов тизимининг оператори Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) "Uzcard"га нисбатан ОАВ ва банкларда информацион хуруж бўлаётганини айтмоқда.

"Оммавий ахборот воситалари орқали Uzcard банклараро тўлов тизими фойдаланувчиларига банк хизматларини кўрсатишдан бош тортилгани ҳамда бир қатор банк ходимлари томонидан Humo тўлов тизимининг манфаатлари тарғиб этилган ҳолатлар қайд этилганини маълум қиламиз", – дейилади ЯУПМ тарқатган хабарда.

Humo тизими Марказий банк ҳузурида ташкил этилган Банклараро миллий процессинг марказига (БМПЦ) тегишли.

ЯУПМнинг иддаосига кўра банк ходимлари Uzcard банклараро тўлов тизимининг фаолияти тўхтатилиши борасида асоссиз маълумотлар тарқатмоқда. Шу муносабат билан ЯУПМ асоссиз маълумотларни тарқатаётган ҳамкор банкларни жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилган.

ЯУПМ 29 та банкка 15 йил давомида процессинг хизматларини кўрсатиб келмоқда. У бу соҳада монополист ҳисобланади.

Лекин 2018 йилнинг сентябрида Uzcard тўлов тизими қарийб 3 кун ишдан чиққан эди. Бунинг натижасида иқтисодиёт анча талофат кўрган эди.

"Терминаллар орқали амалга ошириладиган бир кунлик айланма тахминан 180 миллиард сўмни ташкил этади. Шундан 5 фоизи бюджетга тўланиши ҳисобга олинса, у ҳолда бир кунда 9 миллиард, уч кунда эса 27 миллиард сўм тушум йўқолган. Бу оддий математика. Бу фақат билвосита етказилган зарар. Бундан ташқари бошқа жиҳатлар ҳам бор. Аҳоли кўрган моддий ва маънавий зарар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Буни ҳисоблаш нисбатан мураккаброқ", – деган эди ўшанда Ўзбекистон иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев.

Шундан кейин 19 сентябрда президентнинг Ўзбекистонда янги миллий тўлов тизимини яратиш ҳақидаги қарори қабул қилинганди. Ушбу қарор асосида Humo миллий тўлов тизими яратилди.

"Тўлов тизимини децентрализациялашдан мақсад – ҳеч кимга бозорни монополлаштиришга йўл қўймасликдир. Аксинча, банкларга мустақил бўлишга имкон берамиз", – деган эди Humo миллий тўлов тизими раҳбари Шуҳрат Қурбонов.