Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида "сносга" тушган тадбиркор мулкини бузиш билан боғлиқ шов-шувли воқеалар тўғрисида вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ЎзАга интервю берибди.

"Биздан ҳам хатолик ўтди. Аввало, биз, раҳбарлар, ҳаммамиз калондимоғ бўлиб кетган эканмиз, халқдан узилиб, манман бўлиб кетган эканмиз. Бугун замон ўзгарди. Муҳтарам президентимиз катта ислоҳотларни бошлади, бугун халқнинг ичига кириб, ҳар бир оиланинг дардини тинглаб, унинг муаммосини ўзимнинг муаммом деб ишлашимиз керак. Афсуски, ҳамма раҳбар ҳам буни ҳали тўла англаб етгани йўқ. Яккабоғ тумани ҳокимининг ўринбосари ҳам ўзининг ваколатига кирмайдиган ишни қилган. Бунақа пайтда халқнинг олдига камида туман ҳокими келиб, бўладиган ишларни ўзи тушунтириши керак эди. Улар англата олмаса, вилоят ҳокими, мен келишим керак эди. Халқ туман ва вилоят ҳокимига ишонади, ўринбосарлар ё бошқа идора раҳбарларига эмас", – деган Зафар Рўзиев.

Туман ҳокими ўринбосари ваколатидан ташқарига чиққани учун ишдан олинди, унга қарши жиноий иш қўзғатилган. Бундан ташқари ўз ишига эътиборсизлик билан қарагани учун туман ҳокими ва туман прокурори ҳам ишдан олинган.

Ҳоким тадбиркор Баҳриддин Исомов ва унинг мулкининг тақдири ҳақида ҳам ўз фикрини билдирган.

"Тадбиркорнинг корхонаси бузилмайди, қайтанга у таъмирлаб, чиройли қилиб берилаяпти, тадбиркорлик иши давом этади, ‒ деди вилоят ҳокими. ‒ Аммо шуни айтишим лозимки, биз қонун устувор давлатда яшаймиз, қонун олдида ҳамма баробар. Эҳтиросга берилиб, қонундан ташқари хатти-ҳаракатлар содир қилгани учун тадбиркор ҳам қонун олдида жавоб беради".

Аввалроқ тадбиркор тиббий-психиатрик кўрикдан ўтказилаётгани, унга қарши прокуратура қасддан одам ўлдиришга уриниш айби билан жиноят иши қўзғатгани ҳақида хабар берилган эди.

"Обод қишлоқ"¸ "Обод маҳалла"¸ турли хил City қуриш иддаолари билан бутун мамлакат бўйлаб шаҳар ва туман марказларида минглаб аҳолининг уй-жойи ва тадбиркорлик объектлари бузилмоқда. Аксар ҳолларда аҳоли ва тадбиркорларга¸ қонунда кўзда тутилган нормаларга зид равишда¸ бузилаëтган мулкига тенг миқдорда товон пули тўланмаяпти.

22 июл куни Адлия вазирлиги бу бузилишлар даврида аҳолига берилиши шарт бўлган товон пулларини тўлашда улкан қарздорлик мавжудлигини эътироф этди.

Вазирлик баëнотида Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бузилган уйлар ва нотураржойлар учун товон пули тўлаш бўйича 300 млрд сўмга яқин қарздорлик мавжудлиги айтилган.

Яккабоғлик тадбиркор "сносга" тушган мулкини ҳимоя қилиб, уни бузмоқчи бўлган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани, Урганчда бузилган уйига товон пули ололмаган одамлар Урганч – Хонқа автомобил йўлини тўсиб қўйгани алалоқибат бутун республика бўйича "снос"ларга норасмий мораторий эълон қилинишига олиб келди.