Facebook бундан буён чиқадиган Huawei смартфонларига иловалар ўрнатилмаслигини маълум қилди. Бу смартфон заводдан чиқаётганда Facebook, Instagram ва WhatsApp иловалари ўрнатилмайди деганидир.

Аммо сотиб олганлар уларни Google Playstore орқали ўрнатишлари мумкин. Аммо бу ҳам узоққа бормайди. Google компанияси Huawei фирмаси билан хардвер, софтвер ва техник хизматлар билан боғлиқ бизнесини тўхтатган. Янги смартфонларга Android операцион тизими ўрнатилмайди.

Шуни ҳисобга олсак, Huawei ўз операцион тизимини ишлаб чиқишга мажбур ва бу орада Android учун ёзилган иловалар унга ўрнатилмай қолади.

Осиё ва Европа бозорларида Huawei смартфонларига талаб кескин туша бошлаган. Келгусида нима бўлишидан хавотирланган харидорлар бошқа смартфонларни сотиб олишга мажбур бўлишмоқда.

Бу тартиблар янги чиқадиган смартфонлар учун бўлиб, аввал чиқарилган, сотиб олинганлар смартфонларда бу борада муаммо бўлмайди.

Нима учун шундай бўлди?

  • АҚШ президенти 16 май куни АҚШ компютер тармоқларини “хорижий душманлар"дан ҳимоя қилиш учун фавқулодда вазият эълон қилди. Қарор АҚШ манфаатларига таҳдид сифатида кўрилган хорижий телеком компаниялари маҳсулотларини АҚШга импорт қилишни тақиқлайди. Буйруқда аниқ бир компания номи айтилмаган бўлса ҳам таҳлилчилар Хитойнинг Huawei ва ZTE компаниялари назарда тутилган деб ишонишади.
  • Трамп қарорни имзолаши билан АҚШ савдо вазирлиги Huawei ва унинг 70 шўъбасини қора рўйхатга киритди. Энди Huawei АҚШ компанияларидан нимадир харид қилиши учун махсус рухсатнома олиши керак, АҚШ бозорида Huawei маҳсулотлари исталган пайтда тақиқланиши мумкин.