АҚШ ҳукумати барча давлат идораларида “Huawei” маҳсулотларидан фойдаланишни тақиқлагани боис “Huawei” бу тақиқни адолатсиз ва ноқонуний деб ҳисобламоқда.

“Huawei” қандай компания?

“Huawei” Хитойнинг энг йирик телеком компанияси бўлиб, 1987 йили ишни мобил алоқа тармоқлари учун қисмлар ишлаб чиқаришдан бошлаган. Сўнг у “Nokia” ва “Ericson”ни қувиб ўтиб, глобал лидерга айланган. Смартфонлар ишлаб чиқариш кейинчалик йўлга қўйилган. Шундай бўлса-да, ҳозир дунё смартфон бозорининг 16 фоизини эгаллаб улгурган, “Apple” ва “Samsung”дан кейинги энг йирик смартфон етказувчидир.

“Huawei” асосчиси Рен Женгфей Хитой озодлик армиясининг офицери бўлган. Компания 180 минг ишчига эга.

“Huawei” асосчиси Рен Женгфей

АҚШ ҳукумати нега “Huawei”га бундай босим ўтказмоқда?

АҚШ ҳукуматини ташвишга соладиган илк сабаб – “Huawei” асосчиси Рен Женгфейнинг армияга алоқадор шахс бўлганидир. АҚШ уни Хитой жосуслик хизматлари билан алоқадор деб ҳисоблайди.

Мобил алоқа воситалари учун муҳим қисмларни етказиб берар экан, “Huawei” айни шу алоқа воситалари орқали маълумот алмашинувини кузатиш, бошқача айтганда, жосуслик қилиш имкониятига эга бўлади. У исталган пайтда, дейлик, қандайдир зиддиятли вазиятларда бу имкониятдан қарши томонни шантаж қилиш учун фойдаланиши мумкин. Масалан, алоқани ишдан чиқариш орқали автоном автомобиллардан тортиб, уйдаги ҳар бир коммуникация тармоғи, яъни кўплаб қурилмаларни интернетдан узиб қўйиши мумкин.

АҚШни хавотирга солган яна бир сабаб – Хитойнинг 2017 йили қабул қилинган миллий жосуслик қонунидир. Бу қонунга кўра Хитой ташкилотлари миллий жосуслик ишларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаши шарт.

Ана шу қонун чиқиши билан АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия 5G тармоқлари учун “Huawei” ускуналаридан фойдаланадиган маҳаллий фирмаларни блоклаб қўйди.

Бу давлатлар жосуслик ишларида яқиндан ҳамкорлик қилувчи “Беш кўз” гуруҳининг учтасидир. Тўртинчи аъзо Канада ҳам “Huawei” билан муносабатини қайта кўриб чиқмоқда.

Шунингдек, Европанинг бир қатор давлатлари телеком операторлари ҳам “Huawei” қурилмаларини ўз тармоқларидан чиқариш масаласини кўриб чиқаяпти.

Можаронинг чуқурлашуви

2018 йилнинг декабрида “Huawei”нинг бош молиявий раҳбари, Рен Женгфейнинг қизи Менг Ванжоу АҚШ талаби билан қўлга олинди. Вашингтоннинг даъвосича, у ўзига қарашли фирмалар Эрон телеком операторлари билан ҳамкорлик қилаётганини АҚШ банкларидан яширган. Эронда телеком хизматлари АҚШ санкцияларига тушган. “Huawei” бу даъволарни рад қилган. Хитойнинг Канададаги элчиси эса башарти Канада “Huawei” маҳсулотларини тақиқласа, Хитой жавоб чораси кўриши мумкинлиги билан огоҳлантирган.

“Беш кўз”га аъзо давлатлардан фақат Буюк Британия тайинли бир ҳаракат қилмаган. Бироқ бу давлат ҳам АҚШ босими остида иттифоқчиларига эргашишга мажбур бўлиши мумкин.

Британия нега шошилмаяпти?

Бирлашган қироллик “Huawei” билан муносабатлар ноўнғайлигини тан олади. Мамлакатда интернет хавфсизлигини ўрганувчи Миллий киберхавфсизлик маркази “Huawei”дан алоқа тармоқларидаги айрим муаммоларни ҳал қилишни сўраган.

Марказ ўрганишлари хулосасида Хитой технологиясидан фойдаланишда муайян хавф борлиги, аммо буни ҳал қилса бўлиши айтилган. MI6 Британия жосуслик хизмати бошлиғи Алекс Янгернинг таъкидлашича, “Huawei”нинг мамлакатдаги ўрни ҳақида ҳукм чиқаришга ҳали эрта, чунки 5G тармоқлари хавфни монитор қилишни қийинлаштиради.

"Бритиш телеком" “Huawei” қурилмаларини 3G ва 4G мобил алоқаларидан чиқармоқчилигини, келгусида 5G тармоғига умуман киритмаслигини маълум қилган.

Бироқ Британия 10 йиллардан бери “Huawei” қурилмаларидан фойдаланиб келади. Брекситдан сўнг Хитой билан алоқалар ёмонлашишидан ҳам манфаатдор эмас.

Малакатнинг “Vodafone”, “EE” мобил операторлари аллақачон 5G тармоқлари учун “Huawei” қурилмаларини қўллашни бошлаган. Ҳаммасини бошидан бошлаш осон эмас.

“Huawei”нинг муносабати қандай?

Компания ўзининг Хитой ҳукумати билан алоқалари борлигини рад қилиб келади. “Huawei” бу можароларнинг хавфсизликка алоқаси йўқлиги, ҳаммаси компанияни бизнес рақобатда синдириш учун қилинаётганини таъкидлайди.

Хитой ҳукумати эса компания маҳсулотларига тақиқ қўйиш протекционизм ва дискриминатив амалиёт эканини айтади.

Боз устига, 5G тармоқлари кўпроқ қўллана бошлаган бир шароитда бу каби тақиқлар компанияга катта зарар етказиши мумкин.

“Huawei” АҚШ ҳукуматини нимада айблаб судга берди?

Компания тақиқлар конституцияга зид дея АҚШ ҳукуматини Техас штатидаги федерал судга берган.

Шунингдек, “Huawei” ўзининг Хитой ҳукумати томонидан назорат қилинмаслиги, ҳукумат унинг ишига аралашмаслигини айблов аризасида алоҳида кўрсатган.

Шенженда ўтган матбуот анжуманида компаниянинг навбатчи раиси Гуо Пинг АҚШ ҳукуматини оммани чалғитиш, нотўғри маълумот беришда айблаган.