Хитойнинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз ҳудудидан қувиб чиқараётган компанияси – Huawei Россияда 5G технологиясини жорий қилиш бўйича катта битим тузган. МТС рус телеком компанияси 5G технологиясини Huawei билан жорий қилмоқчи.

Битим Хитой раиси Си Цзинпиннинг Россияга уч кунлик ташрифи асносида имзоланган.

Ўзининг оғир кунларини бошдан кечираётган компания учун ушбу битим бир қадар енгиллик бериши мумкин демоқда мутахассислар. Россия телеком компанияларининг бутун МДҲда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам фаолият юритишини ҳисобга олсак, бу каттагина бозор дегани.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Хитойда Huawei компанияси инновациялар марказига ташрифи чоғида Ўзбекистонда ҳам тезроқ 5G технологиясини жорий этиш кераклигини айтган эди.

АҚШ ҳукумати нега «Huawei»га бундай босим ўтказмоқда?

АҚШ ҳукуматини ташвишга соладиган илк сабаб – Huawei асосчиси Рен Женгфейнинг армияга алоқадор шахс бўлганидир. АҚШ уни Хитой жосуслик хизматлари билан алоқадор деб ҳисоблайди.

Мобил алоқа воситалари учун муҳим қисмларни етказиб берар экан, Huawei айни шу алоқа воситалари орқали маълумот алмашинувини кузатиш, бошқача айтганда, жосуслик қилиш имкониятига эга бўлади. У исталган пайтда, дейлик, қандайдир зиддиятли вазиятларда бу имкониятдан қарши томонни шантаж қилиш учун фойдаланиши мумкин. Масалан, алоқани ишдан чиқариш орқали автоном автомобиллардан тортиб, уйдаги ҳар бир коммуникация тармоғи, яъни кўплаб қурилмаларни интернетдан узиб қўйиши мумкин.

АҚШни хавотирга солган яна бир сабаб – Хитойнинг 2017 йили қабул қилинган миллий жосуслик қонунидир. Бу қонунга кўра Хитой ташкилотлари миллий жосуслик ишларида ҳукуматни қўллаб-қувватлаши шарт.

Ана шу қонун чиқиши билан АҚШ, Австралия ва Янги Зеландия 5G тармоқлари учун Huawei ускуналаридан фойдаланадиган маҳаллий фирмаларни блоклаб қўйди.