Ўзбекистон АҚШдан 7 млн долларга папиллома вирусига қарши янги вакцина сотиб олди ва барча вояга етмаган қизларни бепул эмлайди.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистонда 1660 нафар аёл бачадон бўйни саратони касаллигига чалинмоқда, – деди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова. – Мамлакатимизда йилига ўртача 585 киши мазкур касаллик туфайли вафот этмоқда. Яъни ҳар куни деярли икки киши. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради”.

Ўзбекистонда ҳам 2010 йилда бир нечта вилоятда 8 минг нафар қиз шу вакцина билан эмланган. Эмлашнинг ҳеч қандай ножўя таъсири ёки асорати кузатилмаган.

  • 2019 йилнинг октябрь ойида 9 ёшдаги 400 минг нафар қиз ОПВга қарши эмланади. Эмлаш бепул бўлиб, келаси йил апрель ойида такроран ўтказилади.
  • 2020 йилдан 14 ёшгача бўлган қизлар ОПВга қарши эмланади.
  • 14 ёшдан катта бўлган қизлар ва аёллар тўлов эвазига ушбу вакцина билан эмланиши мумкин. Вакцина 45 ёшгача бўлган аёлларда қўлланади.

Мутасаддилар ушбу вирусга қарши эмлаш амалиёти Австралия, Шотландия, Финляндия, Янги Зеландия каби мамлакатларда узоқ йиллардан бери қўллаб келинаётганини айтди.

“Одам папилломаси вирусига қарши эмлаш мутлақо хавфсиз, бу вакцина инсон саломатлигига зарар етказмайди, халқаро ташкилотларнинг ижобий хулосалари бор, – деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Дилором Турсунова. – Бу вакцина бепуштликни келтириб чиқариши, аутизмга олиб келиши ҳақида тарқалаётган ҳар хил гап-сўзлар асоссиз, нотўғри маълумотлардир”.