Ҳокимлар ўқитувчиларни қул ўрнида кўриши давом этмоқда. Июн охирида Наманган вилоятининг Косонсой тумани Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида барча 54 та мактаб ўқитувчилари бетон қуйишган.

Kun.uz сайтига тушган мурожаатга кўра, ҳар бир мактаб учун қурилишдан 10 метрдан жой ажратилган. Қайси мактаб қаерда ишлаши рақам билан белгилаб қўйилган. Қурилишга ўқитувчилар мажбуран, ҳар хил дўқ-пўписалар билан олиб чиқилган.

"Бу ишларга ҳокимиятдан қандайдир одам келиб жалб қилинди. Бормайман дегандим, борасан дейишди. Ўтган гал ҳам пахта чопиғига олиб чиқмоқчи бўлишганди, унамаганимиз учун бормагандик. Бу сафар мажбуран олиб боришди", – деган мурожаатчилардан бири.

Ўқитувчилар текин ишлаб бериши керак бўлган жойда "Яшил хиёбон" ташкил этиш лойиҳалаштирилган: оилавий хиёбон, болалар майдончаси, велосипед йўлакчаси, манзарали дарахтлардан иборат майдон ва пиёдалар йўлакчаси.

Халқ таълими вазирлиги бу ҳолатни ўрганмоқда ва айбдорларга қонун доирасида чора кўрилиши айтилган. Қонун бузилиш ҳолатини назорат қиладиган Бош прокуратура ҳозирча бу ҳолатга изоҳ бермаган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, «Де-юре (қоғозда) ҳудудий халқ таълими бошқармалари ҳокимликларга бўйсунмайдиган бўлса ҳам, аммо де-факто (амалда) ҳалиям аввалги тузумнинг инерцияси ортидан баъзи (балки кўплабдир) маҳаллий ҳокимлар ўқитувчиларни ўзларининг шахсий қули деб ҳисоблайди. Улар текин ишчи кучининг таъсир доирасидан чиқиб кетишини ҳазм қилолмайди. "Мен ҳокимман, власт менинг қўлимда, айтганимни қиласан, кўп ақллилик қилма" дейишади».

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ўқитувчиларни текин ишлатиш ёки бошқа "ихтиёрий-мажбурий" тадбирларга жалб этиш ҳолатлари яна кучаймоқда. Масалан, апрелда Андижон вилояти Избоскан туманида ўқитувчилар мажбурий ишлатилган, май ойида Ургут туманидаги ўқитувчилар бир ойлик маошини ҳарбий хизматга чақирилганларнинг контракти учун ўтказиб бериш бўйича буйруқ олишган. Ўқитувчиларга чипталар (Данғарада қизиқчи концертига, Хоразмда Фарҳод ва Шириннинг концертига) мажбурий сотиш оддий ҳолга айланган.

АҚШ Давлат департаменти 20 июнда эълон қилган одам савдоси бўйича 2019 йилги ҳисоботда айтилишича, ўзбек ҳукуматининг мажбурий меҳнатни тугатишда кўрсатаётган сиёсий иродаси алоҳида эътиборга молик.

Лекин олдинги ҳисобот даврига қараганда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қилинаётган ишларнинг бирмунча сусайгани қайд этилган. Ҳукумат мажбурий меҳнатни тугатиш борасида сезиларли ишлар қилган бўлса-да, уни буткул тугатолмагани, бу борада изчиллик етишмаётгани айтилган.