1Нима бўлди, тинчликми?

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар куни деярли икки киши бачадон бўйни саратонидан вафот этмоқда. Ушбу касалликни одам папилломаси вируси келтириб чиқаради.

Шунингдек, ҳаттоки Африкада ОИВ/ОИТСдан касалланиш камаяётган бир пайтда, Марказий Осиёда бу иллатга мубтало бўлганлар сони ўсаётгани одамни хавотирга солади.

Демак, ҳозир жинсий йўл билан юқадиган шу каби инфекциялар мавзусида гаплашишнинг айни вақти. Minbar эътиборингизга Медузада шу мавзуда чиққан мақолани жузъий таҳрир билан тақдим этади.

2Қандай касалликлар жинсий йўл билан юқади?

Ҳар хил. 30 дан ортиқ касаллик жинсий йўл билан юқади.

Энг кенг тарқалганлари: хламидиоз, захм, трихомониаз, сўзак, генитал герпес, одам папилломаси вируси (ОПВ), одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ), B гепатити ва Mycoplasma genitalium бактерияси келтириб чиқарувчи инфекция.

Шунингдек Ўзбекистонда жинсий йўл билан юқади деб баъзи касалликларни ҳам текширтиришади, аслида эса улар на касаллик ҳисобланади, на жинсий йўл билан юқади. Булар уреаплазмоз, гарднереллёз, микоплазмоз. Лекин уреаплазма, гарднерелла ва микоплазма хоминис – шартли патоген бактериялардир, улар бир марта ҳам жимо қилмаган соғлом аёлларнинг қинида ҳам учраши мумкин.

3Жинсий йўл билан юқадиган касалликларнинг қандай белгилари бор?

Аёлларда бир хил белгилар кузатилади: қиндан, сийдик йўлидан кўп ажралма келиши, қорин остидаги оғриқ, сийгандаги оғриқ. Эркакларда эса – олатдан ажралма келиши, ёрғоқдаги оғриқ, сийгандаги оғриқ. Аммо кўпинча бундай касалликлар ҳеч қандай белги бермайди.

ОИВ инфекцияси дастлаб оддий гриппга ўхшайди: иситма, ҳолсизлик, томоқ оғриши, бош оғриши кузатилади. Лимфа тугунларининг яллиғланиши, ичкетар, ориқлаб кетиш каби жиддийроқ аломатлар бир неча йилдан кейин юзага чиқади. Герпесда аввалига оғриқ ва қичиқ, кейин эса жинсий аъзоларда пуфакча ва яралар пайдо бўлади.

Жинсий аъзодаги оғриқсиз яралар захмнинг белгиси бўлиши мумкин. ОПВ юққанда жинсий аъзоларда сўгал чиқиши мумкин. Гепатитда унга хос бўлмаган ҳолсизлик, кўнгил айниши, қорин оғриши, иштаҳасизлик, иситма, сийдикнинг хиралашиши, мушакларнинг оғриши каби аломатлар кузатилади.

4Буларнинг ҳаммасидан қандай ҳимояланиш мумкин?

Бу борада ҳали презервативдан яхши нарса ўйлаб топилгани йўқ. Презервативлар эркакларга ва аёлларга мўлжалланган, латекс ва полиуретандан қилинган бўлади – ҳаммаси инфекциялардан сақлайди. Эркаклар презервативини суртма билан ишлатган маъқул: шунда йиртилиб кетмайди. Лекин латексдан қилинган презервативни мойли суртма билан ишлатиб бўлмайди, акс ҳолда йиртилиб кетиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, тўғри фойдаланилса презервативлар яхши нарса, аммо юз фоиз ҳимоя қилмайди.

Шунингдек одам папилломаси вируси (қизларга 26 ёшгача, йигитларга 21 ёшгача эмлаш тавсия этилади) ва B гепатити эмламалари бор. Хатна эркакларда ОИВга чалиниш хавфини 50 фоиз камайтиради.

Спермицидлар (қинга киритиладиган ва сперматозоидларни заифлаштирадиган моддалар) жинсий йўл билан юқадиган касалликлардан ҳимоя қилмайди, фақат исталмаган ҳомиладорликдан сақлайди, шунда ҳам тўлиқ эмас. Бунинг устига улар ОИВга чалиниш хавфини оширади.

5Унитазга ўтирганда вирус юқтириш мумкинми?

Йўқ, Америкадаги Касалликларни назорат ва профилактика қилиш марказларининг ёзишича, бунинг эҳтимоли ниҳоятда кам. Бактериялар, вируслар, қов бити инсон танасидан бошқа жойда узоқ яшай олмайди. Бундан ташқари касаллик юқиши учун унитаздан жинсий аъзоларга касаллик қўзғатиш учун етарлича кўп патогенлар ўтиши керак.

6Бундай касалликларга қарши текширувлардан мунтазам ўтиб туришим керакми?

Бу сизнинг ёшингиз ва турмуш тарзингизга боғлиқ. Умумий тавсиялар:

  • жинсий фаол бўлган 25 ёшдан кичик аёллар ҳар йили хламидиоз ва сўзакка қарши текширувдан ўтиб туриши лозим;
  • 15 ёшдан 65 ёшгача ҳеч бўлмаса бир марта ОИВга қарши текширувдан ўтиши керак.

Агар ҳар қандай ёшдаги аёлда хатар омили мавжуд бўлса, у захм, трихомониаз ва B гепатитига қарши текширувдан ўтгани маъқул. Аёлда хатар омили сақланиб қоладиган бўлса 25 ёшдан кейин ҳам хламидиоз ва сўзакка қарши текширтирилади. Асосий хатар омиллари:

  • янги жинсий шерик;
  • шерикнинг яна ким биландир жимо қилиши;
  • илгари жинсий йўл билан юқадиган касалликларга чалинганлик;
  • пул ёки наркотик моддалар эвазига жимо қилиш.

Эркакларда охирги икки йилда захм, хламидиоз ёки жинсий йўл билан юқадиган бошқа ҳар қандай касаллик аниқланган бўлса, ушбу касалликларга қарши текширувдан ўтиш тавсия қилинади.

Кимлар хатар гуруҳига кирса B ва C гепатитлари бўйича текширувдан ўтиши керак: хатар омилларига стандарт хавфлардан ташқари наркотик моддаларни томирга юбориш, бурун орқали истеъмол қилиш, шунингдек сертификати йўқ мутахассисларга тату қилдириш ҳам киради.

Агар инсон сақланиш воситаларидан фойдаланмаган ҳолда жимо қилган бўлса ва шеригида жинсий йўл билан юқадиган касаллик бор-йўқлигини билмаса, ўзини теширтириши мумкин. Бунда текшириладиган касалликлар – сўзак, хламидиоз, захм, ОИВ, трихомониаз (аёллар учун), 2-типдаги герпес ва Mycoplasma genitalium келтириб чиқарадиган инфекция.

7Қандай текширилади?

Албатта, буни шифокор ҳал қилади, лекин кўпинча Ўзбекистондаги шифокорлар нотўғри методларни танлашади. Аслида аёллар Mycoplasma genitalium келтириб чиқарадиган касалликлар, сўзак, хламидиоз, трихомониаз (бу ҳолатда сийдик ҳам топшириш мумкин) таҳлилларига полимер занжир реакцияси (ПЗР) ёрдамида текшириш учун биргина суртманинг ўзини тоширишлари етарли.

Суртма олиш учун гинекологга бориш шарт эмас: баъзи лабораторияларда мустақил анализ топшириш учун зарур нарсалар бўлади.

Қон таҳлили ёрдамида ОИВ (ОИВ антижисмлари ва ОИВ антигенлари), захм, B гепатити (HBsAg, HBsAb, HBcAb), C гепатитига (C гепатити вируси антижисми) чалинган-чалинмаганликни аниқлаш мумкин.

Эркаклар сўзак ва хламидиозга чалинган-чалинмаганликни ПЗР ёрдамида аниқлаш учун сийдик топширишлари мумкин.

8Мен соғлиғини билмайдиган одам билан жимо қилдим. Энди нима қилай?

Аввал B гепатитига қарши эмланишингиз мумкин. Бу ишни жимодан кейин 24 соат ичида қилганингиз маъқул, лекин бир ҳафта мобайнида қилсангиз ҳам фойдаси бўлиши керак. АҚШда зўрланганларга сўзак, трихомониаз ва хламидиозга чалинмаслиги учун антибиотиклар, ОИВнинг олдини олувчи препаратлар берилиши мумкин. Лекин бу дориларнинг ҳар хил қўшимча таъсири бор, шундай экан, бу дориларни истеъмол қилиш керакми-йўқми – бу ҳам масала. Жинсий йўл билан юқадиган касалликлардан босим билан сув ёки суюқ дори пуркаб ювиш орқали ҳимояланиб бўлмайди: тадқиқотларнинг кўрсатишича, бундай қилиш ҳатто инфекция ривожланиши хавфини оширар экан.
Ҳимояланмаган жимодан кейин дарҳол анализ топширишга шошилишдан фойда йўқ: 1-2 ҳафтадан кейин трихомониаз, хламидиоз ва сўзак, 1-1,5 ёки 3 ойдан сўнг захм ва ОИВ, ярим йилдан кейин эса яна ОИВ юққан-юқмаганини текширтириш мумкин.

9Менда инфекция топилди. Энди нима бўлади?

Даволаниш керак.

Даволанмаган инфекция (хламидиоз, сўзак, трихомониаз, захм) бепуштликка олиб келиши мумкин. Бу касалликларни даволаш жуда осон, биргина препарат (антибиотик ёки антибактериал дори) билан даво топса бўлади.

Одатда даволанишга кўпи билан бир ҳафта кетади, лекин кўпинча препаратни бир марта қабул қилишнинг ўзи етарли бўлади. Ҳеч қандай томизғи, қиздириш, иммуностимулятор, лактобактерияли шамдорилар, фитопрепаратлар керак эмас, уларнинг самараси исботланмаган.

Антиретровирус терапиясисиз ОИВ хасталиги ОИТС ва ўлимга олиб келади. Гепатит жигар циррози ва саратонига сабаб бўлади. B гепатитини даволаш учун интерферонлар ва вирусга қарши қиммат препаратлар бор. Даволаниш оғир ва буни ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтаравермайди, шу боис беморларга махсус сабоқлар қўл келиши мумкин. Валацикловир ва шунга ўхшаш бошқа воситалар герпесни камайтириши мумкин, аммо уни буткул даволаб бўлмайди. Ҳозирча ОПВдан халос қилувчи дорилар мавжуд эмас.

Яна шуни унутмаслик керакки, агар сизда қандайдир касаллик аниқланса, шеригингиз ҳам соғлиғини текширтириши шарт.