Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарованинг «бизда чартер рейслар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ» деган фикрини изоҳлай туриб, Uzbekistan Airways республикада маҳаллий авиакомпаниялар ташкил этиш ўзининг ваколатлари доирасига кирмаслигини таъкидлайди, аммо мамлакат ичидаги йўналишларда ягона авиамонопол эканини тан олади ва одамлар учишга қурби етмаса, вилаятлараро автомашинада қатнаши мумкинлигига ишора қилади.

"Агар кимдир мамлакат ичида авиташувларни амалга ошириш таклифи билан чиқса, МАК бу жараёнга тўсқинлик қила олмайди. Шу билан бирга фуқаролар айни вақтда МАК рақобат қилаётган ерусти транспортидан фойдаланиш имкониятига эгадир".

Чартер рейслар

Uzbekistan Airways чартер рейслар мавжуд эмаслиги борасидаги танқидга ҳам эътибор қаратган.

Чартер рейсларга «сайёҳлик мавсумида туроператорлар томонидан ташкил этиладиган рейслар» дея изоҳ берган Uzbekistan Airways чартер рейслар ўлароқ иддао қилинган парвозлар нархининг қиммат эканига ўзи жавобгар эмаслигини маълум қилади.

«Ёзги мавсумда сайёҳлик агентликлари МАКка чартер рейслар буюртмаси билан мурожаат этадилар. Авиакомпания мажбуриятларига учувчилар таркиби билан самолётни тақдим этиш ва хавфсизликни таъминлаш киради. Йўловчилар учун якуний авиаташув нархи масаласи билан фақат сайёҳлик агентликлари шуғулланади».

Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарованинг «ўзбекистонликларнинг 95 фоизи ҳаётида денгизни кўрмай ўтиши» ва бунга «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг монополияси сабабчи экани борасидаги фикрлари шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Денгиз кўрмай ўтаётган одамлар

Умарова хонимнинг сўзларига кўра, МДҲ ҳудудида яшовчи оддий ишчидан тортиб бизнесменга қадар ёзги таътилни асосан Туркияда ўтказади. Фақатгина ўзбекистонликлар бундан мустасно.

"Оддий фуқароларда таътил вақти хорижга учиш имконияти йўқ, сабаби монополист-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчиларни қўймайди. Бизда чартер рейслар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ. Бунинг ўрнига суюкли «Ҳаво йўллари» ўзининг Анталияга рейсини «чартер» сўзи билан атайди ва унга чипталарни Истанбулга одатий рейс нархида сотади. Брон қилиш эса одатдагидек аниқ бир турфирма орқали амалга оширилади. Таниш ҳолат, а?".

Азиза Умарованинг ёзишича, Чимкент, Москва ва Челябинскда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг «чартер»и нархи эвазига ($650 дан бошланади) нафақат тўппа-тўғри денгизгача элтувчи чартер рейс учун чипта, балки all inclusive (ҳаммаси ичида – таҳ.) йўлланмани ҳам қўлга киритиш мумкин.

"Чартер рейслар одатда 150-300 доллар туради. Арзимаган пул. Шу сабабдан ҳам Туркияда дам олиш – Россия, Қозоғистон, Украинада энг машҳур ва имконли танлов, лекин бизда эмас – у бизда ҳамон ҳашамат ҳисобланади. Болаларни денгизга, тўзиб ётган уч юлдузли меҳмонхонага олиб бориш мамлакатимизнинг 95 фоиз аҳолиси учун ушалмас орзу бўлиб қолаётганидан афсусдаман…", – деб ёзади Умарова хоним.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» эса Азиза Умарованинг пости ва бошқа қатор танқидий муносабатларни ўрганиб чиққани ва уларни хизматлар сифатини яхшилашга ёрдам берувчи ижтимоий фикр инъикоси ўлароқ қабул қилганини маълум қилмоқда.

"Биз халқаро йўналишларда монопол эмасмиз"

Бироқ баёнотда айрим шахслар фуқаролик авиацияси ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясига оид баъзи ҳолатларни нотўғри талқин этаётгани ҳам таъкидланади.

Хусусан, Азиза Умарованинг «монополист-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчиларни қўймайди» деган фикрига жавоб ўлароқ авиакомпания ўзининг мамлакат осмонидаги ягона монопол бирлик эмаслигини исботлашга уринади.

"Ўзбекистонга 2018 йилда парвозларни амалга оширган авиакомпаниялар сони, 2017 йилга солиштирганда, 14 тадан 18 тагача (28 фоиз) кўпайди. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони эса 6833 тадан 9657 тага қадар (41 фоиз) ортди. Халқаро авиаташувлар бозорида «Uzbekistan Airways»дан ташқари дунёнинг тўққиз мамлакатидан Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа аэропортларига мунтазам қатновларни йўлга қўйган 18 та хорижий авиакомпания фаолият юритиб келмоқда".

Ўзбекистонга қатновларни йўлга қўйган авиакомпанияларни номма-ном санаб ўтган Uzbekistan Airways реклама ва маркетинг нуқтаи назаридан бу ишнинг мақбул эмаслиги, ҳар бир авиакомпания бозорда ўзини ўзи намоён этиши лозимлигини ҳам иддао этади.

Бундан ташқари, МАКнинг даъвосига кўра, халқаро авиакомпаниялар ва Uzbekistan Airways паритет асосида ишлаб келмоқда. Яъни хорижий авиакомпаниялар ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» томонидан амалга ошириладиган рейсларнинг сони бир-бирига тенг.

Шунинг учун ҳам «йўловчиларда танлов мавжуд» деб таъкидлайди авиакомпания.

МАК Азиза Умарованинг «ўзбекистонликларнинг 95 фоизи» Uzbekistan Airways монополияси туфайли Туркияга бориш имконидан маҳрум деган сўзларига қуйидагича раддия билдирган:

"Бу ерда муаллиф сўзларига қўшила олмаймиз. Бу йўналишда Turkish Airlines билан жуда жиддий рақобатдамиз. Улар нафақат Тошкентдан(га), балки Самарқанддан(га) ҳам рейсларни амалга оширади".

"Одамлар чипталарни вақтлироқ олиши керак"

МАКнинг иддао этишича, маҳаллий йўналишлар нархлари қиммат эмас, фақат одамлар чипталарни вақтлироқ харид қилиши лозим.

«Табиийки, авиачипта қанча вақтлироқ харид қилинса, шунча арзон тушади. Рейсга оз қолганда, самолётнинг тўлишига қараб, тарифлар ҳам қимматлаша боради».

МАКка кўра Тошкент – Нукус йўналишидаги энг арзон чипта 404391 сўм (тахминан $47), энг қиммати эса 924322 сўм ($107) ва бу нархлар одамни у қадар «чақиб олмайди».

Uzbekistan Airways вилоятлардаги аэропортлар бўшаб қолмагани, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигининг ўзида мамлакатдаги 11 та аэропортда 9302 рейс амалга оширилиб, 969427 нафар йўловчига хизмат кўрсатилганини ҳам таъкидлайди.

Қўшимча равишда, МАК Қозоғистон даштида автобусда тириклайин ёниб кетган 52 ўзбекистонлик фожиасида ўзини айблаш ноўрин эканини иддао қилади.

Аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари агар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Россияга авиачипталар нархини туширганда эди, бу йигитлар шунча узоқ ва хатарли масофани автобусда эмас, самолётда тез ва хавфсиз босиб ўтган бўларди деган фикрларни ўртага ташлаб келади.

"Бўлиб ўтган ҳодиса – оилалар бошига тушган улкан ғам, аммо бу воқеага авиакомпанияни аралаштирмаслик лозим. Бундай кўргилик ҳар қандай трассада, ҳар қандай йўналишда, нафақат халқаро автобус маршрутида, балки исталган мамлакатдаги ички қатновларда ҳам содир бўлиши мумкин эди. Кўплаб давлатларда (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва бошқалар), ҳатто лоукостерлар бўлса ҳам, одамлар автобус ташувларидан жуда фаол фойдаланади", – дейилади баёнотда.

Сўнгги сўз ўрнида, ушбу баёнотни тайёрлаш устида ўзининг асл вазифаларидан чалғиб бўлса ҳам, кўплаб мутахассисларнинг меҳнат қилганини таъкидлаган Uzbekistan Airways авиакомпания томон сўз ҳужумлари ва айбловларга нисбатан сукут сақлаши мумкинлиги, аммо бундай қилишни лозим топмаганини айтади.

«Авиакомпания ва аэропортлар фаолияти юзасидан келиб тушаётган барча маълумот қайта ишланади ва агар бизнинг айб бўлса, уни тўғрилаймиз. Бироқ қасддан қоралов фаолияти кетаётган бўлса, биз жавоб бериш ва тўғри маълумотни етказишга мажбурмиз», – деб ёзади МАК матбуот хизмати.

«Биз постлар муаллифлари билан учрашув ўтказиш ва ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёрмиз».