29 апрелдан 4 майгача Американинг "Harlem Globetrotters" жамоаси "T.E.A.M Up at School" дастури доирасида баскетбол ўйинини ёшлар орасида тарғиб қилиш ва буллингга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистонга келади.

"Harlem Globetrotters" ташрифи Халқ таълими вазирлиги ва АҚШ элчихонасининг спортни ривожлантириш ҳамда буллингга қарши курашишдаги кенг кўламли ташаббуси ҳисобланади.

"Баскетбол АҚШнинг энг машҳур спорт турларидан бири ҳисобланади. Биз ҳам ўз навбатида баскетболни Ўзбекистонда ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Чунки у жамоада ишлашни ўргатади. АҚШда баскетбол ўйинига болаларни жалб қилиш орқали жиноятчиликни камайтириш дастурлари муваффақиятли амалга оширилган. Ўйлашимча, бу тажриба биз учун ҳам фойдали бўлади. Ушбу лойиҳа доирасида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг иккинчисини амалга оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз", - деган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

  • "Harlem Globetrotters" аъзолари Фотима Листер (TNT) ва Жулиус Маккларкин (Zeus) Ўзбекистонда АҚШнинг Буллингга қарши миллий кампанияси томонидан яратилган T.E.A.M Up at School дастури доирасида қатор маҳорат дарсларини ўтказишади.
  • T.E.A.M Up at School дастури ўқувчиларга буллинг билан курашишда кўмак беради. T.E.A.M. – гапирмоқ (talk), раҳм қилмоқ (empathize), сўрамоқ (ask) ва мобиллашмоқ (mobilize) маъноларини англатади.

Ушбу дастурнинг очилиш маросими 29 апрель куни Тошкент шаҳридаги 211-мактабда бўлиб ўтади. "Harlem Globetrotters" вакиллари мазкур тур давомида буллингга оид тақдимотларини Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида 60 дан ортиқ мактабда намойиш этади. Бир ярим соатлик дастур давомида баскетболчилар турли ўйинлар орқали ўқувчи ва ўқитувчиларга зўравонликка қарши курашишни тушунтириб беради.

Шунингдек, лойиҳа доирасида америкалик профессор Лори Вульф мактаб ўқитувчилари ва психологларига ижобий психология усуллари бўйича бир қатор семинарлар ўтказади.

  • "Harlem Globetrotters" баскетбол жамоаси 1920 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунга қадар акробатик ва цирк услубига яқин, шунингдек, унутилмас томошаларни намойиш этиб келмоқда.
  • "Harlem Globetrotters" чиқишларини ҳар йили 1,5 миллион аҳоли кузатиб боради. Баскетбол жамоаси ва унинг асосчиси Эйбом Саперстен Баскетбол шон-шуҳратлари залига киритилган.

Қуйида улар иштирокидаги томошалардан бирини кўришингиз мумкин.