"Давлат ташкилотларининг ахборот сиёсати уларни ижобий намойиш этишга йўналтирилган бўлиши керак: амалдорлар фуқаролик жамиятига сифатли хизматни талаб қиладиган мижоз сифатида қарашлари керак. Жамият талабларини инкор этиш ёки уларга ноўрин муносабат билдириш фуқароларнинг ишончи сусайишига ва ижобий қиёфанинг буткул йўқолишига олиб келади". Ушбу фикрни CABAR.asia таҳлилий мактаби аъзоси, ўзбекистонлик коммуникациялар мутахассиси Лира Зайнилова ўз мақоласида келтириб ўтади.


Мақоланинг қисқача баёни:

  • Ўзбекистондаги олдинги ҳукуматнинг амалдорлари кўздан йироқда фаолият олиб бориб, тузилмалар ва идораларнинг ахборот сиёсатини ўзгартиришга уринмади;
  • Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг раҳбарларга оммавий ахборот воситаларига имкон қадар яқинроқ бўлиш, фуқаролик жамияти билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари топширилди;
  • ўтган уч йил ичида мамлакатнинг сиёсий ҳаёти анча жонланди, ҳокимиятнинг юқори қатлами мулоқот учун анча очилди;
  • сиёсий элита қарорлар қабул қилишда фаолроқ бўлиши, уларни ўз обрўларига зиён етказмасдан оммалаштириши, матбуот хизматларининг фаолиятини йўлга қўйиши ва ижтимоий муносабатлар стратегиясини тўғри шакллантириши керак.

2019 йил январ ойида Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА) Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилди, агентлик вазифалари мамлакатимиздаги амалга оширилаётган ислоҳотлар учун PRни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олди. 4 феврал куни Комил Алламжонов агентликка директор этиб тайинланди. Айтиш жоизки, Алламжонов илгари президент матбуот котиби лавозимини эгаллаган, ўз вазифаларини анча яхши бажарган. Бироқ янги агентликнинг директори сифатида иш бошлаганда у вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматлари фаолияти керакли даражада тақдим этилмагани ҳақида гапирди. Алламжонов давлат ташкилотлари ахборот сиёсатининг ривожланишига ижобий таъсир қила оладими? Қандай қийинчиликларга дуч келади?

Ислом Каримов даври: мансабдорларнинг ахборот изоляцияси

Ислом Каримов давридаги давлат бошқаруви "top-down approach" сифатида тавсифланган эди, яъни қарорларнинг ҳаммаси юқорининг ташаббуси билан қабул қилинар ва бюрократик иерархия орқали пастга етказилар эди. Бу шундан далолат берадики, давлат идоралари фақат ижрочи бўлган, қарорлар бўлимларда ёки аҳоли билан муҳокама қилинмаган, бу эса маълум қийинчиликларни келтириб чиқарди. Бундан ташқари, қабул қилинган қонун ва қарорларни фуқаролар ўртасида янада оммалаштириш учун ҳеч қандай чоралар кўрилмади, давлат ташкилотлари оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан алоқа қилиш зарурлигини англаб етмади. Бу, ўз навбатида, давлат институтларининг ўз тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиш ва имижини мустаҳкамлашга қизиқиши йўқолишига олиб келди.

Каримов даврида ёзилмаган қонун сифатида яна бир ўзига хослик мавжуд эди: мансабдорлар оммавий ахборот воситаларида чиқишни хоҳламасди, чунки бу "тепа"да маъқулланмас эди. Улар журналистлар билан мулоқот қилишдан қочишди, интервю ва шарҳ беришдан қўрқишди. Бунинг ёрқин мисоли 2011 йилда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили президентликка номзод Ҳерман Кейннинг "Убеки-беки-беки-беки-стан-стан" ҳақидаги сўзларига жавобан репортаж суратга олган журналистдан қочиб кетганидир.

Деярли барча давлат идораларининг мажлисларига журналистлар қўйилмади. Аҳоли ҳукуматни танимаган ва қизиқмаган, чунки одамлар учун вазирлар ва айниқса қуйи даражадаги мансабдорлар бир хил масса бўлиб кўринган.

Ўзбек халқи Россия бош вазири ёки ташқи ишлар вазирини осонгина танир эди, бироқ ўз ҳукумати вакилларининг номларини билмасди.

Ҳатто депутатларнинг сайловолди кампанияларида ҳам замонавий алоқа воситаларидан фойдаланилмади. Сайловчилар номзодларнинг дастурлари билан сайлов участкаларида уларнинг фотосурати ва таклифлари акс этган плакатлар орқали танишдилар.

Умуман олганда, кўздан панада бўлган давлат амалдорлари тузилмалар ва идораларнинг ахборот сиёсатини ўзгартиришга уринмадилар, аксинча, ўзларига қулай бўлгани учун статус-квони сақлаб қолишди.

Мирзиёев келиши: халқ билан мулоқот бошлашга уриниш

Мирзиёев давлат раҳбари бўлганидан кейин давлат идораларининг ахборот сиёсатини қайта кўриб чиқиш бошланди. Сиёсий элита ва фуқаролик жамияти ўртасидаги фарқни камайтириш учун қадамлар қўйилди. Шу мақсадда раҳбарларга оммавий ахборот воситалари билан яқин алоқа қилиш, аҳоли ва фуқаролик жамияти билан мулоқот қилиш топширилди.

Ушбу сиёсатни амалга ошириш жараёнида 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди. Йил дастурига ҳукумат тузилмаларини ислоҳ қилиш ва аҳоли билан давлат органлари алоқаларини такомиллаштириш вазифаси киритилди. Халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун президент ва барча ижро этувчи органларнинг виртуал қабулхоналари очилди.

Халқаро матбуот клубининг ташкил этилиши мансабдорлар, журналистлар ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқот учун доимий платформа вазифасини бажарувчи механизмга айланди. Таъкидлаш жоизки, ХМК мажлисларига нафақат миллий мутахассислар, балки хорижий дипломатик миссиялар ва халқаро экспертлар ҳам таклиф қилинмоқда. Бу учрашувлар сиёсий тизимнинг очиқлик ва ошкоралик даражасини ошириш бўйича яхши мисол бўла олади.

Давлат тузилмалари қиёфасини шакллантиришдаги янги ёндашувга сиёсий элита ва фуқаролик жамияти ўртасида аввал мавжуд бўлмаган кўприкни қуришга уриниш сифатида қараш мумкин.

Халқ билан мулоқот мансабдорларга бўлган ишончни ошириш ва жамоатчиликнинг норозилигини бартараф этиш учун зарурдир.

Шунингдек, бу мулоқот мансабдорларга фуқаролик жамиятини мамлакатнинг сиёсий ҳаётига жалб этиш имконини беради, шу билан халқнинг қарор қабул қилишдаги фаоллиги оширилади. Бундан ташқари, раҳбарият мамлакатда ҳокимият алмашганидан кейин жаҳон ҳамжамияти билдирган ишончни оқлаши зарурлигини тушунади. Ўзбекистонга жиддий сармоядорлар келиши ёки келмаслиги ҳам шунга боғлиқ.

Мирзиёев киритган механизмлар самара берди. Биринчидан, сиёсий жонланиш бошланди. Аҳоли раҳбарларни таний бошлади, уларнинг ҳаётига қизиқиш билдирди. Раҳбарлар ҳам панадан чиқиб, изоҳ ва интервюлар бериб, одамларга қабул қилинган қарорларнинг моҳиятини тушунтира бошладилар. Ўртадаги алоқа кучайгани туфайли жамият қарорлар қабул қилиш жараёнига таъсир ўтказа бошлади. Масалан, экспорт баҳосини назорат қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасига экспертлар ва тадбиркорлар қарши чиқиши натижасида ҳужжат кун тартибидан олиб ташланди.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари юмшоқ кучдан ("soft-power") фойдаланишни бошладилар. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Наврўз байрамини нишонлаш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимияти ўтказган, илгариги зерикарли ва стандарт концертлардан ажралиб турадиган бир қатор тадбирларни келтириш мумкин. Бундан ташқари, ҳукумат вакиллари ижтимоий тармоқларда фаоллашди. Энг охирги мисоллардан бири яқинда ўтказилган "book challenge" лойиҳасидир, унда юқори мансабдаги шахслар мактабларга китоблар бериб, ўз ҳаётига энг кўп таъсир кўрсатган асарлар рўйхатини тақдим этдилар.

Агентликлар янги, қарорлар эса эски

Шу билан бирга, ушбу йўналишда ислоҳотларни амалга оширишда муайян қийинчиликларга дуч келинмоқда.

Биринчидан, давлат ташкилотларининг ташаббус кўрсатиш даражаси пастлигича қолмоқда. Юқорида айтилган "book challenge" ҳам Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини яхшилаш бўйича топшириғидан сўнг ўтказилди. Давлат тузилмалари яна президент ташаббусининг ижрочисига айланишди, бу қарор қабул қилишда “top-down approach” ёндашуви сақланиб қолганини кўрсатади.

Фуқароларнинг сиёсий элитага яқинлашувининг соддалаштирилган механизми ўрнига навбатдаги бюрократик тизим пайдо бўлди.

Иккинчидан, виртуал қабулхона ишидаги дастлабки кўтаринкиликдан сўнг уларнинг самарадорлиги аста-секин пасайди, чунки аҳолининг аксарияти шахсий сўровлар (масалан, "уй сотиб олишга, уйланишга ёрдам беринг" каби) билан мурожаат қила бошлади. Бундан ташқари, виртуал қабулхона ташкил қилиш урф бўлиб, улар керак бўлмаган жойда ҳам ташкил этилди. Шундай қилиб, фуқароларнинг сиёсий элитага яқинлашувининг соддалаштирилган механизми ўрнига навбатдаги бюрократик тизим пайдо бўлди (онлайн бўлса ҳам). Бундан ташқари, бирон муассаса устидан берилган шикоятлар худди шу ташкилотнинг виртуал қабулхонасига юборилди. Бундай ёпиқ доира бу механизмнинг самарадорлиги кескин пасайишига олиб келди.

Учинчидан, аҳоли билан мулоқот қилишга ўрганмаган мансабдорлар уларнинг жамиятдаги хатти-ҳаракатлари натижалари ҳақида кам қайғурадилар. Ҳамма ижтимоий тармоқларда тарқалган Шерзод Қудратхўжаев билан боғлиқ видеони яхши эслайди, унда Қудратхўжаев рус тилида сўзлашувчи аёлдан ўзбек тилида гапиришни талаб қилган эди. Яна бир мисол – Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан юз берган воқеа, у аёлнинг пастки қаватдан квартира ажратиш ҳақидаги илтимоси юзасидан ноўрин ҳазил қилган эди. Кейинчалик аёл Ортиқхўжаевнинг ва унинг атрофидагиларнинг қўпол муносабати ҳақида шикоят қилган (видеода ҳокимнинг сигарет чекиб тургани кўрсатилган). Раҳбарларнинг салбий қиёфаси улар фаолият кўрсатадиган барча тузилмаларнинг обрўсига таъсир қилади.

Тўртинчидан, аҳолининг давлат идоралари билан мулоқот қилиши ва тақдим этилаётган хизматларнинг сифатига талабнинг ортиши юқори доираларда ўзгаришлар бошланишидан келиб чиқди. Эҳтимол, Мирзиёев Каримовнинг бошқарув услубини бутунлай қабул қилганида жамоат пассив бўлар эди. Кўриб турганимиздек, юқоридан келадиган импулс ҳисобидан ҳар қандай чора-тадбирлар қабул қилинадиган тизим нафақат мансабдорларга, балки ҳукумат ва халқ ўртасидаги муносабатларга ҳам хосдир.

Шунинг учун давлат хизматлари истеъмолчиларининг ташаббуссизлиги катта муаммолигича қолмоқда, чунки сиёсий институтлар ҳали ҳам одамлар томонидан фақат расмиятчилик сифатида қабул қилинади.

Шундай қилиб, сўнгги уч йил ичида мамлакатнинг сиёсий ҳаёти сезиларли даражада жонланди, ҳокимиятнинг олий қатлами мулоқотга янада очиқ бўлди, замонавий алоқа каналларидан фойдаланишни бошлади. Шу билан бирга, одамлар билан мулоқот яхши бўлиши учун сиёсий элита қарорлар қабул қилишда фаолроқ бўлиши, фикрларини ўз обрўларига зиён етказмасдан оммалаштириши, матбуот хизматларининг ишини ва пиар-стратегиясини тўғри ташкил этишлари керак.

Мулоқотни қандай ташкил этиш зарур?

Кадрлар сиёсатига алоқадор бир қатор муаммолар ҳал қилинмаса, сиёсий элита ва фуқаролик жамияти ўртасида мулоқот ўрнатишга, шунингдек, давлат институтларининг обрўсини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш самара бермайди. Сиёсий тизимни ислоҳ қилиш унинг ёпиқ доираси бузилмагунча амалга ошмайди. Дарҳақиқат, деярли барча давлат идораларида бошқарув эскича фикрловчи сиёсатчиларнинг қўлида қолмоқда ва кадрлар алмашинуви эса мансабдорларнинг бир лавозимдан иккинчисига ўтиши орқали юз бермоқда.

Давлат муассасаларининг обрўсини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда, чунки тизимга четдан вазиятга бошқача баҳо берадиган ва муаммоларни ҳал қилишнинг янги йўлларини таклиф қиладиган кадрлар келаётгани йўқ. Бундан ташқари, давлат идоралари аҳоли билан тушунарсиз тилда мулоқот қилиб, мураккаб ва баландпарвоз сўзларни ишлатиб, ўзлари ва оддий одамлар ўртасида тўсиқ пайдо қилиб, уларнинг ишончини йўқотадилар.

Давлат органларининг матбуот хизмати фуқаролик жамияти билан мулоқотнинг янги шароитига мослашмаган, ҳозир аҳолининг тақдим этилаётган ахборот мазмуни ва сифатига бўлган талабчанлиги анча ошган. PR стратегиясини аниқ тушунишнинг етишмаслиги сабабли матбуот хизматлари бир қолипда, эскича ишлайди, шунинг учун идораларнинг бошлиқлари ва ходимлари оммавий ахборот воситалари билан ёки оддий одамлар билан мулоқот қилишга тайёр эмаслар, бу эса турли тушунмовчиликларга олиб келади.

Давлат ташкилотлари қиёфасини янгилашга қаратилган ислоҳотларнинг муваффақияти у ерда қандай кадрлар ишлашига боғлиқ

Авлодлар алмашуви фуқаролик жамияти билан алоқа ўрнатиш усулларига ижобий таъсир кўрсатади, бироқ айни пайтда янги ходимлар бошқарув тизимига мослашиш ўрнига уни янгилаши керак.

Бугунги кунда давлат идоралари халқ билан мулоқот ўрнатишига ёрдам берадиган бир қатор тадбирларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, тузилмаларга ёш кадрларни жалб этиш давлат органларининг очиқлигини оширишга ёрдам беради, чунки улар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини яхши тушунадилар. Ёш мутахассислар ташаббус кўрсатишдан қўрқмайди ва ўз таклифларини замон талабига мослаштира олишади.

Иккинчидан, давлат муассасалари ўз ифодалаш усулларини (tone of voice) шакллантиришлари зарур, матбуот хизматлари ҳар қандай медиа платформадан фойдаланишни ўрганишлари керак. Ўз имижини тарғиб қилишнинг замонавий усулларидан фойдаланиш нафақат ташкилотни танитади (visibility), балки жамиятнинг муносабатини ҳам кузатиб бориш имконини беради.

Учинчидан, мавжуд алоқа каналларидан фойдаланган ҳолда, қайта алоқа ҳақида унутмаслик керак. Бугунги кунда фуқаролик жамияти давлат идораларидан амалга оширилган ҳаракатлар тўғрисида тушунтириш ва изоҳларни кутмоқда. Жамоатчиликнинг изоҳларига жавоб бериш давлат идораларининг мулоқотга очиқлигини кўрсатади, бу эса ижобий имиж яратиш учун муҳимдир.

Тўртинчидан, ҳар бир давлат идораси ўз PR стратегиясини белгилаб олиши шарт. Шу билан бирга, матбуот хизмати ўз фаолиятига сиёсий консултация концепсиясини киритиши керак, бу нафақат ходимлар учун, балки идора раҳбарлари учун ҳам тавсияларни ўз ичига олади. Бу идораларга танланган стратегия бўйича ривожланишга ёрдам беради.

Давлат ташкилотларининг ахборот сиёсати уларни ижобий намойиш этишга йўналтирилган бўлиши керак: амалдорлар фуқаролик жамиятига сифатли хизматни талаб қиладиган мижоз сифатида қарашлари керак. Жамият талабларини инкор этиш ёки уларга ноўрин муносабат билдириш фуқароларнинг ишончи сусайишига ва ижобий қиёфанинг буткул йўқолишига олиб келади.