Жуда кўп мамлакатларда тақиқланган “Ал-Қоида” террористик ташкилоти асосчиси Усома бин Ладеннинг ўғли Ҳамза бир неча йил бурун берилган авиазарба натижасида ўлдирилган. Бу ҳақда АҚШ разведкасидаги бир нечта манбасига асосланган ҳолда Америка оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

АҚШ мудофаа вазирлиги бу хабарларга изоҳ бермаяпти. Ҳамзанинг қаерда ва қачон ўлдирилгани номаълум.

2015 йили Ҳамза бин Ладеннинг “кофирларга қарши муқаддас уруш"ни давом эттириш, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларга ҳужум қилишга даъват этилган видеомурожаати тарқалган эди. Ўшанда у ўттиз ёшларда бўлган, терроризмда гумон қилиниб қидирилувчиларнинг халқаро рўйхатига киритилган.
2019 йил 1 март куни АҚШ давлат департаменти Ҳамзанинг қаердалиги ҳақида маълумот берган киши 1 млн доллар билан мукофотланишини эълон қилди.

Орадан беш ой ўтгач Ҳамза бин Ладен Пентагон ўтказган ҳарбий операция натижасида ўлдирилгани ҳақида бир вақтнинг ўзида Американинг бир нечта оммавий ахборот воситалари хабар берди. Улар орасида Эн-би-си, Си-эн-эн ва “New York Times” ҳам бор.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва унинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон бу хабарларга изоҳ беришдан бош тортди.