Ёзувчи Ҳамид Исмоилнинг “Жинлар базми” асари “Hay Festival of Literature and Art” адабиёт ва санъат фестивалида иштирок этади. Муаллиф билан бирга романни инглиз тилига таржима қилган инглиз таржимонлари Доналд Рейфилд ва Жон Фарндон ҳам қатнашади.

“Hay Festival of Literature and Art” адабиёт ва санъат фестивали ҳар йили май ойининг охири ва июн ойининг бошида, 10 кун давомида ўтказиладиган адабий фестивалдир. Фестивал китобхонликнинг ўзига хос кўринишдаги тарғиботи ҳамдир.

Инглиз маданиятида машҳур бўлган фестивални 2001 йили АҚШ президенти Билл Клинтон “The Woodstock of mind” (“Идрок "Woodstock"и”, яъни машҳур мусиқа фестивали “Woodstock”ни назарда тутган) деб таърифлаган.

Фестивал 23 майдан 2 июнгача бўлиб ўтади.

Бундан аввал Ҳамид Исмоил Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 20 минг евролик адабий мукофотини қўлга киритганди.

Бу романни мунаққидлар "Ўзбек тахтлар ўйини" деб таърифлаган. “Жинлар базми” романи Буюк Британияда инглиз тилига ўгирилган. Роман 2017 йили “Академнашр” нашриётида “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” номи билан ўзбек тилида ҳам нашр қилинган.

  • 1949 йилда туғилган Ҳамид Исмоилнинг “Боғ”, “Саҳро” каби шеърий тўпламлари, “Муртад”, “Темирйўл” каби насрий асарлари чоп этилган.
  • 1992 йилда ёзувчи профессионал фаолияти деб Ўзбекистондан Буюк Британияга чиқиб кетишга мажбур бўлган ва шундан бери Ўзбекистонда "исталмаган шахс" ҳисобланади.
  • Ҳамид Исмоил BBC телерадиокорпорациясида фаолият юритади.