Дунё ва мусулмонлар: Ҳалол деган ёзувни ўчиринг, ҳилол ва юлдузни ҳам – хитойлик мулозимлар энди ана шундай талаб билан чиқишибди.

Конституциясида диний эътиқод эркинлиги таъминланган Хитойда 20 миллион мусулмон яшайди.

Бу ҳақда яқинда Британиянинг нуфузли "Рейтер" ахборот агентлиги хабар берган.

Агентлик Хитой пойтахти Пекиндаги ҳалол дўкон ва ресторанлардаги аҳволни имкон қадар ўрганишга муваффақ бўлган.

Ўз тадқиқотлари натижасида уларнинг ўндан ортиқроғи худди шу каби буйруқ олганликларини аниқлаган.

Масъуллар бунинг "ёт маданият эканини айтиб, кўпроқ Хитойникини қўллаш керакли"гини буюришган.

Расмий Пекин 2016 йилдан бошлаб худди шу каби сиёсатга ўтган.

Бундан аввал эътиборини бутун Хитой бўйлаб масжидларнинг гумбазларига қаратган.

Гумбазларнинг буддавийча пагодалар билан алмаштирилишини хоҳлаган.

Фото: AFP

"Рейтер"нинг ёзишича, Хитой бу сиёсатини мусулмонлар қатори маҳаллий насронийларга қарши ҳам юрита бошлаган.

Яширинча фаолият юритаётган кўплаб черковларни ёпган.

Ноқонуний, деб топганларининг хочларини олдириб ташлаган.

Аммо Шинжон Уйғур мухтор бўлгасидаги 2009 йилги зўравонликлар боис, мусулмонларнинг аҳволи кўпроқ диққатни тортган.

Ўша йили маҳаллий уйғурлар ва хан хитойликлар орасида қонли низолар кузатилган.

Уларда ўнлаб одамлар қурбон бўлишган.

Расмий Пекин яқинда мусулмонларга мўлжалланган дунёнинг энг йирик жамлоқлар тармоғи билан ҳам халқаро миқёсда эътиборни тортган.

Қатор Ғарб давлатлари ва халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларининг танқидлари остида қолиб кетган.

Уларда бир миллионга яқин мусулмоннинг сақланиши ёки "қайта тарбиядан ўтказилаётгани" ишонилади.

Араб ёзуви ва исломий рамзларга қарши кампания ана шу сиёсатнинг янги бир босқичи сифатида кўрилмоқда.

Расмий Пекин иддаосича, бу - мамлакатда диний экстремизмни жиловлаш учун муҳим.

Пекин ва мусулмонлар

Фото: AFP

Таом тарқатувчи "Meituan Dianping" гуруҳи рақамларига таянилса, Хитой пойтахтида камида 1000 та ҳалол дўкон ва ресторан бор.

"Рейтер"нинг ёзишича, арабча ёзув ва исломий рамзлардан воз кечиш буйруғи уларнинг барчасига берилганми-йўқми, бу саволга аниқлик кирита олишмаган.

Аммо қатор йирик дўконлардаги араб тилида битилган ҳалол ёзувининг хитойча муқобили - "qing zhen"га ўзгартирилганига гувоҳ бўлишган.

Бошқаларида эса, уларнинг шунчаки ёпишқоқ тасма ёки наклейкалар билан ёпиб ташланганини кўришган.

Хитойнинг Миллий озчиликлар ва диний масалалар бўйича қўмитаси бу хусусда шарҳ беришдан бош тортган.

Фақат ҳалол дўкон ва ресторанлар билан боғлиқ буйруқнинг давлатнинг фармойиши эканини айтган.

Этник масалалар бўйича миллий комиссия мулозими эса, Хитой конституцияси барча миллий озчиликлар гуруҳларини ҳимоя қилишини айтган.

Аммо қўмитанинг давлат фармойишига оид сўзларига тўхталишни истамаган.

"Жорий пайтда ҳалол тизим билан боғлиқ тартиб-қоидалар маҳаллий миқёсда бошқарилиши"ни айтган.

Бу масала юзасидан қолган барча саволлар Пекиндаги қўмитага қаратилиши кераклигини билдирган.

"Рейтер" суҳбатлашган аксарият дўкондорлар ёзувларни алмаштирсак, алмаштирибмиз-да, деб жавоб беришган.

Айримлари бу каби ишлар ўз харидорларини гангитишини айтишган.

Уларнинг орасида масъулларни "Мусулмон маданиятини йўқ қилиш"га уринишда айблаганлар ҳам бўлган.

"Диний экстремизмни жиловлаш"га қаратилган чора-тадбирлари манзарасида Хитойдаги миллий озчиликлар, айниқса, уйғурлар томонидан расмий Пекинга қарши бу каби айбловлар биринчи бор янграётгани йўқ.

Уйғурлар ким ўзи?

Уйғурларнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. Уларнинг сони Шинжон ўлкасида, тахминан, 11 миллионга етади.

Улар ўзларини маданий ва этник жиҳатдан Марказий Осиёга яқин ҳисоблайдилар.

Охирги ўн йиллар ичида Шинжонга кўплаб этник хитойларнинг кўчиб келиши кузатилмоқда. Оқибатда уйғурлар орасида ўз турмуши ва маданиятини хавф остида қолгандек ҳис қиладиганлар сони кўпайди.

Бу ўлка Хитойнинг ғарбий чеккасида жойлашган ва мамлакатнинг энг катта региони ҳисобланади. У Ҳиндистон, Афғонистон ва Монголия каби қатор давлатлар билан чегарадош. Тибет сингари у ҳам автоном регион саналади, яъни - назарий жиҳатдан - ўзини расмий Пекиндан маълум миқдорда мустақил бошқаради. Бироқ амалда эса, марказий ҳукуматнинг қатъий чекловлари остида яшайди.

Асрлар давомида Шинжонда қишлоқ хўжалиги ва савдо асосий турмуш тарзи бўлиб келган, Буюк Ипак Йўли шарофати билан шаҳарлар гуллаб-яшнаган.

Йигирманчи асрнинг бошларида қисқа вақт мустақил яшаган уйғурлар 1949 йили Хитойда ҳокимиятни коммунистларни эгаллаб олгандан сўнг марказий ҳукумат измига қайтадан бўйсиндирилган.