Биринчи президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага нисбатан янги жиноий иш очилди.

Бу гал Бош прокуратура Гулнора Каримовани давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон Республикаси манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритишда айбламоқда.

Жиноят ишлари қўзғатилишига халқаро юридик компаниясидан келиб тушган маълумотлар ва фуқароларнинг аризалари асосида тўпланган текшириш ҳужжатлари асос бўлган.

Бош прокуратуранинг айтишича, Гулнора Каримова бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган ҳолда, «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» АЖларининг давлатга тегишли бўлган акцияларини арзонлаштирилган нархларда сотиб олган ва чет эл тадбиркорларига сотиб юборган. Кейинчалик Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ушбу чет элликларнинг ноқонуний фаолиятига раҳнамолик қилиб, республика манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова фуқаролар ва турли компания эгаларини зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, уларнинг мулкини ўзига тегишли бўлган компанияларга расмийлаштириб беришга мажбур қилган.

Аввалроқ Гулнора Каримованинг қизи Имон Instagram мессенжеридаги саҳифасида Зангиота аёллар қамоқхонасида қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримова устидан “яна бир нолегал суд режалаштирилаётганини” айтган.

Имон Каримова бу хабарни “ҳукумат ва прокуратурадаги ўз манбалари”га таяниб хабар берган.

Бироқ, Имон Каримова онасига нисбатан қандай айблов илгари сурилаётгани ҳақида ҳеч нарса демаган.